News Alert Ghana: хорижий журналистлар Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақида фикр билдирди
Гананинг “News Alert Ghana” нашри хорижий журналист ва экспертларнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳот ҳамда мамлакатнинг халқаро майдонда юксалиб бораётган ўрни ҳақидаги фикрларини эълон қилди.
““Янги Ўзбекистон хорижлик журналистлар нигоҳида” (“New Uzbekistan through the eyes of foreign journalists”) сарлавҳали материалда Бангладеш, Камбожа, Гана ва Беларусь журналистларининг мамлакатимиз ҳақидаги қарашлари жамланган.
“The Financial Express” иқтисодий нашри етакчи муҳаррири Муҳаммад Муфаззал Ҳусайн юртимиздаги иқтисодий ислоҳотлар ташқи дунё билан очиқ ҳамкорлик сиёсатига уйғун олиб борилаётганини таъкидлаган.
Унинг фикрича, Ўзбекистон янги бозор, инвестиция, транспорт йўлаклари ва минтақавий савдо алоқаларини кенгайтиришга интилмоқда. Журналист республикамизнинг қўшни давлатлар билан савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтиришга қаратилган ёндашуви бутун минтақа учун янги имкониятлар яратаётганига урғу берган.
“Khmer Times” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Чамронг Неан эса Ўзбекистонда тарихий мерос ва замонавий тараққиёт уйғунлигига эътибор қаратган. Ижодкор айтишича, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби қадим кентлар мамлакатнинг бой тарихини намоён этиши, инфратузилма, туризм, таълим ва маданий алмашинувга эътибор давлат замонавий тараққиёт йўлидан дадил бораётганини кўрсатади. Хусусан, Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари учун Ўзбекистон тобора қизиқарли ҳамкорга айланмоқда.
“EIB Network” телеканали мухбири Франциск Эков Аннан Ўзбекистонда инсон капитали ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар мавзусига алоҳида эътибор берган.
Мақолада таъкидланишича, таълим, касб-ҳунар, рақамли кўникма ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ёшлар салмоғи юқори мамлакатлар учун муҳим аҳамиятга эга. Журналист Ўзбекистоннинг Осиё, Европа, Африка ва бошқа минтақалар билан алоқаларини кенгайтиришга интилаётганини ҳам ижобий омил сифатида баҳолаган.
“Мир” телеканалининг Минскдаги ваколатхонаси радио студияси бош муҳаррири Ирина Мартьянова сўнгги йилларда Ўзбекистонда жамият, давлат идоралари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги мулоқот тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаган.
Яъни, ахборот майдони фаоллашуви – мамлакатдаги янгиланишларнинг муҳим белгиларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Журналист Ўзбекистоннинг МДҲ ва Евросиё маконидаги ўрнини ҳам қайд этиб, республика анъанавий ҳамкорлик алоқаларини сақлаган ҳолда янги халқаро йўналишларни ҳам ривожлантираётганини билдирган.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА