Афғонистондан олиб келинган 48,5 кг наркотик модда тўхтатиб қолинди
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ва уларни мамлакатимиз ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирилишининг олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳамда Божхона қўмитаси ҳарбий хизматчиларининг ҳамкорликдаги сайъ-ҳаракатлари билан катта миқдордаги наркотик моддалар контрабандасига чек қўйилди.
Хусусан, Афғонистон Ислом Республикасидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган, Термиз туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги “Mercedes-Benz” русумли юк автомашинаси “Айритом” чегара божхона постида чуқурлаштирилган текширувдан ўтказилди.
Текширув жараёнида автомашина тиркамасининг пол қисми остига яширилган 98 дона ўрамда жами 39 кг 86 грамм «гашиш» ва 9 кг 498 грамм «опий» моддалари борлиги аниқланди.
Таъкидлаш жоизки, наркосавдогарлар гиёҳвандлик воситалари фош бўлмаслиги учун уларни дастлаб полиэтилен пакетга, сўнгра фольга қоғозига ва скотчга пухта ўраб жойлаштиришган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари доирасида ушбу наркотик моддаларнинг буюртмачиларини аниқлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
ЎзА