Непалда тошқин туфайли 17 000 бола ёрдамга муҳтож
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИCЕФ) хабар беришича, Непалда юз берган сув тошқинидан сўнг 17 000 бола шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтож.
– 26 август куни Непалнинг Расува, Нувакот ва Дадинг туманларини қамраб олган вайронкор сув тошқинидан камида 17 000 бола жабр кўрди, – дейилган ташкилот матбуот баёнотида.
Таъкидланишича, офатдан омон қолган болалар энди касаллик, тўйиб овқатланмаслик, зўравонлик ва мажбурий меҳнат хавфи остида қолмоқда.
БМТ тахминича, қидирув-қутқарув ишлари давом этар экан, қурбонлар сони ортиб боради.
Мазкур табиат ҳодисаси 18 мактабни бутунлай вайрон қилди, яна 20 таълим масканига жиддий зарар етказди. Натижада болалар хавфсиз ўқув муҳитидан маҳрум бўлди. Зиён етган ҳудудлардаги ўнлаб мактаб дарё бўйида жойлашгани боис ҳамон хавф остида.

Тахминан 10 000 ўқувчига таълимни давом эттириши учун шошилинч ёрдам кўрсатилиши, жумладан вақтинча ўқув марказига жойлаштирилиши, янги ўқув материаллари билан таъминланиши зарур. Хуллас, болалар ва ўқитувчилар руҳий-ижтимоий ёрдамга муҳтож.
Йўл, кўприк, гидротехника иншооти, сув таъминоти тизими ва алоқа тармоғи жиддий шикастланган. Шу боис офат исканжасида қолган ҳудудларга кириш жуда қийин кечиб, ҳаётни сақлаб қолувчи бирламчи ёрдам етказилишига тўсқинлик қиляпти.
Камида 4 тиббиёт муассасаси жиддий шикастлангани сабабли, болалар ва оилаларга тиббий ёрдам кўрсата олмаяпти.
Мамлакатда 400 га яқин хорижлик сайёҳ бедарак кетгани ҳақида маълум қилинган эди. Ҳозирча уларнинг 121 нафари қутқарилган.

“Kathmandu Post” ёзишича, омон қолган сайёҳлар орасида Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Россия, Италия, Болгария ва Швейцария фуқаролари бор. Уч кишининг шахси тасдиқланмаган.
Чоршанба куни тоғли Непалда муз ва сув аралаш кучли тошқин Ботекоши дарёсига ёпирилди. АҚШ Геология хизмати пайшанба куни сейсмик тебраниш ер силкиниши эмас, балки муз кўчкиси таъсирида юзага келганини маълум қилди. Сўнгги маълумотга кўра, Непалда ушбу офат қурбонлари сони 547 кишига етган.
“Khabarhub” нашри хабар беришича, қидирув-қутқарув амалиётида 13 000 дан кўп ҳарбий ва полиция ходими иштирок этмоқда. Ҳозиргача жами 547 кишининг жасади топилган.
С.Раҳимов, ЎзА