Немис экспертлари Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлиги ҳақида нима дейди?(+видео)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 17-18 июнь кунлари мамлакатимизга расмий ташриф билан келди.
Германия Федерал Президентининг иқтисодий делегация ҳамроҳлигида Ўзбекистонга амалга оширган ушбу ташрифи ҳамда V Тошкент халқаро инвестиция форумидаги иштироки немис жамоатчилиги ва экспертлари томонидан катта қизиқиш билан кузатилди.
Мазкур ташриф муносабати билан ЎзА мухбири ва Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳамкорлигида немис экспертларининг мазкур икки муҳим воқеага оид фикр-мулоҳазалари асосида интервьюлар ташкил этилди.
Катрина Клаас-Мюлхаузер – Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси раиси:
– Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифидан жуда мамнунман. Федерал Президент халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш, англашув ва мулоқотга, шунингдек, иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият бериб келади.
Биз Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда жадал суратлар билан ривожланиб бораётгани, изчил амалга оширилаётган модернизация жараёнлари ва юз бераётган йирик ижобий ўзгаришларни мамнуният билан кузатяпмиз. Бу жараён нафақат иқтисодиёт ривожланишига хизмат қилмоқда, балки мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни ҳам тобора мустаҳкамламоқда.
Қувонарлиси, Германияда минтақанинг барча давлатлари билан турли даражаларда мунтазам равишда мулоқот ва учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Жорий йилда Марказий Осиё давлатларининг Ташқи ишлар вазирлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ҳам минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинган эди. Биз бундай мулоқотни, айниқса, бугунги мураккаб геосиёсий шароитда жуда муҳим, деб биламиз.
Михаэль Хармс – Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ижрочи директори:
– Немис компанияларининг Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият олиб бораётгани, аввало, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган ва изчил давом эттирилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасидир. Мамлакат иқтисодиёт, молия ва қонунчилик соҳаларида катта ютуқларга эришибгина қолмай, балки жамият ҳаёти, ижтимоий сиёсат ва давлат бошқарувида ҳам сезиларли ижобий ўзгаришларни амалга оширмоқда. Айнан шу тизимли ислоҳотлар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Германия Федерал Президенти Ўзбекистонга иқтисодий делегация ҳамроҳлигида иккинчи маротаба ташриф буюрди. Илк ташриф 2018 йилда амалга оширилган эди. Жорий ташриф доирасида автомобиль саноати, энергетика, тиббиёт технологиялари ва бошқа йўналишларда аниқ лойиҳалар бўйича муҳим келишувларга эришилди. Бу эса иқтисодий ҳамкорликнинг тобора амалий мазмун касб этаётгани ва аниқ натижаларга йўналтирилаётганини кўрсатади.
Таъкидлаш лозимки, бундай жараёнларда сиёсий қўллаб-қувватлаш алоҳида аҳамиятга эга. Ташриф давомида икки давлат Президентлари иқтисодий делегация вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу эса ҳамкорликни янада кенгайтириш ва уни янги босқичга олиб чиқишга қўшимча туртки беради.
Иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда сиёсий жараён ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Компаниялар ўз фаолиятини мустақил амалга оширса-да, инвестициялар учун барқарор муҳит яратиш ва тўсиқларни бартараф этишда давлатлар ўртасидаги мулоқот муҳим ўрин тутади. Шу боис, фаол сиёсий ҳамкорлик янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароит яратади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатларда таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. Ўзбекистон малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни жалб этиш борасида Германиянинг ишончли ҳамкорига айланмоқда.
Очиғини айтганда, сўнгги йилларда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар катта таассурот қолдирмоқда. Жумладан, янги барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази алоҳида эътиборга лойиқ. Мен сўнгги ташрифим давомида ушбу марказ билан танишиш имконига эга бўлдим. Бундай лойиҳалар Ўзбекистоннинг мустақил ва суверен давлат сифатида жадал ривожланаётганини яққол намоён этади ҳамда унинг бой тарихи ва маданий меросини дунёга танитишга хизмат қилади.
Мен Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни узоқ йиллардан буён кузатиб келаман ва ўтган давр ичида мамалакатда рўй берган тараққиёт мени жуда ҳайратга солади. Юртингизнинг ўзига хос жиҳати шундаки, одамлари ниҳоятда меҳмондўст ва самимий, мамлакат эса жуда гўзал, бой ва хилма-хил маданияти ниҳоятда мафтункор, гастрономия имкониятлари эса тенги йўқ.
Ўзбекистон Германия иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Ҳар йили савдо-иқтисодий алоқалар янада кенгаймоқда, немис компаниялари эса реал сектор ва саноат лойиҳаларига фаол сармоя киритмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон энергетика соҳасида ишончли ҳамкор ва минтақавий логистика нуқтаи назаридан муҳим ўрин эгалламоқда.
Тошкент халқаро инвестиция форуми қисқа вақт ичида Марказий Осиёдаги энг нуфузли иқтисодий майдонлардан бирига айланди. Унда Европа ва Осиё мамлакатлари қатори Германиядан ҳам кўплаб компаниялар иштирок этмоқда. Форумнинг энг муҳим жиҳати шуки, минтақани алоҳида давлатлар йиғиндиси эмас, балки ягона иқтисодий макон сифатида кўриш ғоясини илгари суришидир. Бу ёндашув минтақанинг инвестицион жозибадорлигини янада оширади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон минг йиллик бой тарихга эга бўлиб, инсоният цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган давлатдир. Мен ушбу мамлакатга унинг улуғвор ўтмишига муносиб бўлган порлоқ ва барқарор келажак тилайман.
Мирко Новак – “LUNO-Gruppe” компанияси раҳбари:
– Бугунги кунда Ўзбекистон Германия учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу, аввало, мамлакатингизнинг Германияда фаол, изчил ва самарали намоён бўлаётгани билан боғлиқ. Ўзбекистон турли иқтисодий, сармоявий ва соҳавий платформаларда мунтазам иштирок этиб, ўз салоҳиятини очиб беришга қаратилган тақдимотлар ва учрашувларни фаол ташкил этмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси алоҳида фаоллик кўрсатаётганини таъкидлаш лозим.
Германия Федерал Президентининг Ўзбекистонга ташрифи етакчи компаниялар вакиллари иштирокида икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда муҳим сиёсий ва иқтисодий сигнал бўлди. Федерал Президентнинг бирор мамлакатга ташрифи Германия томонидан ушбу давлатга нисбатан юқори даражадаги ишонч ва қизиқиш мавжудлигини англатади. Бу эса сиёсий мулоқотнигина эмас, балки иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишни ҳам кўзда тутади.
Бундай ташрифлар ва бизнес форумлар, аввало, амалий мулоқот майдонини яратади. Улар компанияларга ўзаро танишиш, ҳамкор топиш, янги лойиҳаларни муҳокама қилиш ва инвестиция имкониятларини баҳолаш имконини беради. Ўзбекистон бу борада фаол ва тизимли ёндашувни намоён этмоқда. Шу билан бирга, ҳар қандай форум ёки ташрифдан кейин энг муҳим вазифа билдирилган ташаббусларни амалий натижаларга айлантиришдир. Учрашувлар давомийлигини таъминлаш, келишувларни аниқ лойиҳаларга йўналтириш ва ўрнатилган алоқалардан самарали фойдаланиш икки томон учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Сиёсат бу жараёнда зарур шарт-шароитларни яратиб беради, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлайди ва бизнес учун ишонч муҳитини шакллантиради. Германия Федерал Президентининг Ўзбекистонга ташрифи ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилиб, мамлакатнинг Германия ва Европа ишбилармон доиралари учун аҳамияти ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.
Бугунги геосиёсий ўзгаришлар шароитида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг муҳим давлатлардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Мамлакат бой табиий ресурсларга, қарийб 40 миллион аҳолига эга йирик истеъмол бозорига ва қулай минтақавий жойлашувга эга. Бу омиллар Ўзбекистонни нафақат алоҳида миллий бозор, балки бутун минтақа билан ҳамкорлик учун муҳим кириш нуқтасига айлантирмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий бизнес учун қулай муҳит яратиш ва мамлакатнинг халқаро ишбилармон доиралардаги жозибадорлигини оширишга қаратилган муҳим ташаббусларни амалга оширмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар Германия тадбиркорлари орасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Жумладан, яқинда Гамбургда Ўзбекистон Енгил саноат уюшмаси томонидан муваффақиятли тақдимот ўтказилди. Унда мамлакатнинг тўқимачилик ва енгил саноат соҳасидаги имкониятлари немис бизнес вакилларида ижобий таассурот қолдирди.
Мен Ўзбекистон томонидан бизнесни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган аниқ ва мақсадли ислоҳотларни кўриб турибман. Ўзбек компаниялари Германия бозорида тобора фаол иштирок этмоқда. Айниқса, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги корхоналар ўз салоҳиятини муваффақиятли намойиш этмоқда. Бу Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати, рақобатбардошлиги ва экспорт имкониятлари ортиб бораётганидан далолат беради.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, иқтисодиёт соҳасидаги ўзгаришлар бугун яққол сезилмоқда. Инвестиция муҳитини яхшилаш, бизнес юритиш шароитларини енгиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган сиёсат узоқ муддатли стратегик мақсадларга хизмат қилмоқда. Бу жараёнларнинг асосий мақсади Ўзбекистонни халқаро майдонда ишончли, жозибадор ва рақобатбардош иқтисодий ҳамкор сифатида мустаҳкамлашдир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Q9tVvTssqys" title="Nemis ekspertlari O‘zbekiston va Germaniya hamkorligi haqida nima deydi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўзбекистоннинг жозибадор иқтисодий макон сифатидаги нуфузи ортиб бораётгани - бу реал жараён. Мамлакат бу мақсад йўлида катта ишлар қилмоқда. Кўплаб хорижий тадбиркорлар каби мен учун ҳам Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё келажак бозори ҳисобланади. Минтақа Германия компаниялари учун узоқ муддатли ҳамкорлик, янги инвестиция лойиҳалари ва ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан катта салоҳиятга эга.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.