Нега Фарғона мева-сабзавотининг “бозори чаққон”?
Фарғона вилоятида 15 минг гектардан ортиқ узумзор мавжуд. Шундан қарийб 5 минг гектари Олтиариқ тумани ҳиссасига тўғри келади. Узумнинг асосий ҳосил мавсуми ҳали бошланмаган бўлса-да, эртапишар навлардан етиштирилган дастлабки ҳосил аллақачон жаҳон бозорига йўл олди.
Бугунгача 2,9 минг тонна узум экспорт қилинди ва 2,6 миллион доллар боғбон ҳисоб рақамига тушди. Ёз иссиқ келди дея олмаймиз. Боғбон эртапишар навларга эътиборини кучайтирди. Шунданми, узум экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1 минг тонна кўп эди.
Мевалар орасида қора шаҳзода деб ном олган “Қашқар гилос” экспорти биринчи ўринда. Ҳозиргача унинг 4,3 минг тоннаси Япониядан Америкагача юборилди ва улардан 9,2 миллион доллар келиб тушди.

Фарғона ўрикларига ҳам талаб катта. Бугунгача вилоятдан хорижий мамлакатларга 4,6 минг тонна ўрик экспорт қилинди. Экспортнинг умумий қиймати 5,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Сабзавотлар орасида карам “рекордчи”. Шу йилнинг ўзида вилоятдан хорижий давлатларга 13,5 минг тонна карам юборилди. Экспортнинг умумий қиймати 7,0 млн АҚШ долларини ташкил этди.

Ҳа, бу йил Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти 500 миллион доллардан ошиши кутилмоқда. Бунга эса асосли замин бор.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА