Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси барчамизда катта қизиқиш уйғотди. Мурожаатномада давлатимиз раҳбари анъанага кўра ўтаётган йил якунларини сарҳисоб қилди, келаси йил номини эълон қилди ва келажак учун қатор ташаббуслар билан чиқди. Ташаббусларнинг ҳаётда татбиқ этилиши эса Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни жадал суръатда давом этттириш учун имконият беради.
Мурожаатномадаги ташаббуслар мамлакат ривожланишида муҳим аҳамият касб этиб, кўплаб соҳаларни қамраб олади. Қолаверса, қайси соҳа тилга олинмасин, албатта, кенг таҳлил, муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари ва аниқ вазифалар белгилаб берилиши билан диққат-эътиборни тортди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифи билан 2023 йил юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб номланди. Бинобарин, инсон қадрига эътиборсиз ва илм-маърифат ривожисиз юрт тараққиётига эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Илм саодатга элтувчи йўлдир. Айни пайтда таълимга киритилган инвестиция келажакка сармоя киритишдир. Бу эса халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омилдир.
Мурожаатномада таъкидланганидек, халқимиз мактаб, боғча ва шифохоналар кўпайишини, таълим ва тиббиёт сифати оширилишини истайди. Фарзандлар камолотини ўйлайди. Ушбу талаблар инобатга олинган ҳолда юртимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида ҳам инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш, сифатли таълим бериш каби устувор вазифа турибди. Айнан бу галги мурожаатномада ҳам мамлакатимизда таълим соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, ўқувчиларимизнинг касб-ҳунарга ўқитиш, барча керакли шароитларни яратиш масаласи алоҳида ўрин эгаллади.
Мурожаатномада таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалалари кўрсатиб ўтилди. Президентимиз ўз Мурожаатида “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир!”, дея таъкидлаб ўтди. Биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши таъкидланди. Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилди.
Келаси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Президент таъкидлаганидек, болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз, ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур. Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланади.
“Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз”, деди давлатимиз раҳбари.
Келаси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 таси кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳаси бошланади, келаси беш йилда уларнинг сони 1000 тага етказилади. Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти келаси ўқув йилидан ушбу қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши халқимиз кайфиятини кўтаргани аниқ.
Ҳақиқатан ҳам келажагимиз бўлган ёшлар тарбиясига, таълим олишига ва уларнинг маънавий етук инсон бўлиб шаклланишида бор кучимиз ва билимимизни аямаймиз.Таълимнинг сифатини биргаликда янада кўтарамиз.
Нодир ҒАФФОРОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт
университети кафедра мудири, доцент
ЎзА