Навоийнинг тасвирини тарихга муҳрлаган мусаввир
XVI асрда Бухоро заминида ижод қилган бир мўйқалам соҳиби нафақат янги санъат мактабига асос солди, балки Алишер Навоийнинг бугунги кунгача етиб келган тасвирини ҳам яратди.
Темурийлар даврининг маданий пойтахти Ҳирот 1507 йилда Шайбонийхон томонидан забт этилиши билан тарих саҳнасида янги давр бошланди. Ушбу сиёсий ўзгаришлар нафақат давлатлар тақдирини, балки бутун бир минтақанинг маданий ҳаётини ҳам ўзгартириб юборди. Мовароуннаҳрда янги сулола ҳукмронлигининг ўрнатилиши билан Ҳиротдаги кўплаб олимлар, шоирлар ва санъаткорлар ўзга юртлардан паноҳ излашга мажбур бўлди. Улар орасида Камолиддин Беҳзоддек буюк даҳодан таълим олган, унинг “Нигористон”ида камол топган Маҳмуд Музаҳҳиб ҳам бор эди. Айнан шу тарихий бурилиш унинг тақдирини Бухоро билан боғлади ва бу ерда Марказий Осиё тасвирий санъати ривожида янги саҳифа очган Бухоро миниатюра мактабининг пойдеворини қўйишга замин яратди.
Маҳмуд Музаҳҳиб Ҳиротда Ҳусайн Бойқаро саройининг наққоши сифатида фаолият юритган бўлса-да, ижодининг гуллаган даври айнан Бухорода кечди. У бу ерга шунчаки қочқин сифатида эмас, балки Беҳзод мактабининг энг илғор анъаналарини ўзида мужассам этган моҳир уста сифатида қадам қўйди. Устозининг нафис услубини янги заминда давом эттирар экан, уни маҳаллий анъаналар билан бойитди ва натижада ўзига хос, такрорланмас бадиий йўналишга асос солди. Унинг мўйқаламидан чиққан асарлар рангларнинг ёрқинлиги, шаклларнинг аниқлиги ва композициянинг ўзига хослиги билан ажралиб турарди. Мусаввир асар қаҳрамонларининг ички кечинмаларини, уларнинг характерини юксак маҳорат билан тасвирлар, ранглар ва шаклларнинг нозик товланишлари орқали кучли ҳиссий таъсирга эришарди. Бу жиҳатлар, айниқса Низомийнинг “Махзан ул-асрор” достонига ишланган “Султон Санжар ва тўқувчи кампир” миниатюрасида яққол намоён бўлади.
XVI асрнинг 30–40 йилларига келиб, Маҳмуд Музаҳҳиб ижоди янги босқичга кўтарилди. У ўз даврининг етук портретчиси сифатида шуҳрат қозонди. Унинг ижодий фаолиятининг бу даврида яратилган асарлар мусаввирнинг юксак санъатидан дарак беради. Бироқ, унинг номини асрлар оша ўчмас қилган энг машҳур асари, шубҳасиз, Алишер Навоийнинг мўйқаламда чизилган сиймосидир. Адабиётшунос олим Эргаш Очиловнинг қайд этишича, ҳозирда Машҳаддаги “Остони Қудс” кутубхонасида сақланаётган ушбу портрет 1500 йилда чизилган. Унда буюк шоир кексалик чоғида, бир оз букчайган ҳолда, қўлида ҳасса билан тасвирланган. Суратнинг юқори қисмига “Сурати Амири Кабир Мир Алишер”, пастки қисмига эса “Амали Маҳмуд Музаҳҳиб” деб ёзиб қўйилган.
Эҳтимол, Маҳмуд Музаҳҳиб ушбу портретни ўзидан аввал устози Беҳзод томонидан чизилган асл нусхадан кўчирган бўлиши мумкин. Лекин айнан Музаҳҳибнинг иши бизгача етиб келган ва унинг тарихий аҳамияти ҳам шунда. 1931 йили Лондонда ўтказилган Эрон санъати кўргазмасида намойиш этилган бу сурат, кейинчалик Ўзбекистонда яратилган барча Навоий тасвирлари учун асос, ўзига хос намуна вазифасини ўтади. Шу тариқа, Маҳмуд Музаҳҳиб номи Алишер Навоий сиймоси билан чамбарчас боғланди. Унинг ижоди нафақат санъат ҳодисаси, балки миллатнинг буюк фарзанди қиёфасини келажак авлодлар учун сақлаб қолган тарихий манба ҳамдир. Унинг Бухорода шакллантирган мактаби эса минтақада миниатюра санъатининг узоқ йиллар давомида ривожланишини таъминлади.
Маҳмуд Музаҳҳибнинг ижодий мероси бугун дунёнинг энг нуфузли кутубхоналарида сақланмоқда. Париждаги Миллий кутубхонада сақланаётган Низомий достонига ишланган миниатюралар, Лиссабондаги Гулбенкян коллекциясидаги Саъдийнинг “Бўстон”ига чизган суратлари унинг номини жаҳон санъати тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйди.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади,
ЎзА