Навоийга муносиб издош
Миллатнинг салоҳиятини энг ёрқин намоён этувчи кўзгуси бу шубҳасиз адабиётдир. Айнан у сабабли умуминсониятга ўз сўзини айта олиш, эзгуликка чорлаш мумкин.
Адабиёт ҳақидаги энг муносиб таърифларни фақат адабиётнинг ўзидан топмоқ мумкин. Масалан, улуғ шоиримиз, Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг қуйидаги мисраси фикримизни далиллайди:
Беш асрким, назмий саройни,
Титратади занжирбанд бир шеър.
Темур тиғи етмаган жойни,
Қалам билан олди Алишер.
Мазкур мисраларни таҳлил қилар эканмиз, шоир тафаккури нақадар юксак эканлигидан ҳайратланамиз. Бунинг қисқача маъноси шуки, қалам билан бутун ер юзидаги инсониятни забт этмоқ мумкин. Туркий адабиётни ҳазрат Алишер Навоий байроқдор сифатида майдонга олиб чиққан бўлса, орадан роппа-роса беш ярим аср ўтгач, ўзбек адабиётида миллий роман асосчиси сифатида Абдулла Қодирий саҳнага чиқиб келди.
Мантиқан олиб қаралса, ҳар бир соҳада бўлгани каби ёзувчиликда ҳам бир қанча асарлар машқи натижасида шоҳ асар яратилади. Аммо Қодирийда бунинг акси бўлди. У яратган илк роман, “Ўткан кунлар” нафақат ўзининг ижодида, балки ўзбек адабиётида ҳам биринчи ва шоҳ асар сифатида тарихда қолди. Ундан сўнг қатор романлар ёзилди. Хусусан, Қодирийнинг “меҳробдан чаён” романи ҳам ўқувчиларга тақдим этилди. Бироқ уларнинг ҳеч бири “Ўткан кунлар” даражасига чиққанича йўқ. Ҳаттоки, бугунги кунгача қанчадан-қанча романлар адабиётимиз жавонида савлат тўкиб турган бўлса ҳам, улар гўё “Ўткан кунлар”га таъзим қилиб турганига гувоҳ бўламиз. Негаки, унда муаллиф гўё маҳоратнинг энг баланд чўққисига сакраган-у, бунга қайта уринса ҳам етиб бўлмайди.
Мазкур асарда ўз номи билан миллатимизнинг ўтган кунлари энг ёрқин ва адолатли тасвирланган. Унда шу қадар рамзлар кўпки, бир инсоннинг дунёқараши бунча ифодани қандай сиғдирганидан лол қолади киши. Масалан, асар шом азони билан бошланиб, шом азони билан тугайди. Бу эса ўша вақтдаги Туркистоннинг қоронғулик Ичида қолганидан далолат. Асарда нафақат икки ошиқ қиссаси, балки бутун Туркистондаги вазият шу қадар усталик билан ифодаланадики, ўқувчи худди ўша даврда яшагандек ҳис қилади ўзини.
Айнан бугунги санада буюк жадид, ёзувчи, таржимон, Абдулла Қодирий таваллуд топган. 1894 йил 10 апрель. Унинг “Ўткан кунлар”, “меҳробдан чаён”, “Обид кетмон” каби асарлари адабиётимизнинг энг нодир хазиналари сифатида яшайди. Бугунги сана юртимизда адабиёт байрами сифатида кенг нишонланмоқда.
Шербек Исломов
ЎзА