Намунали илк кенгаш қайси ҳудуд бўлади?
Фарғона вилоятида халқ депутатлари Бағдод туман кенгаши фаолиятини намунали ташкил этиш ишлари бошланди.
Фарғона вилоятида халқ депутатлари Бағдод туман кенгаши фаолиятини намунали ташкил этиш ишлари бошланди. Бу ишга сенаторлар яқиндан кўмак бермоқда.
Мамлакатимизда маҳаллий кенгашларнинг ваколатларини янада кенгайтириш, назорат фаолиятини кучайтириш ва бошқа кўплаб масалаларда жиддий ислоҳотлар бошланган. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга мурожаатномасида маҳаллий кенгашлар фаолияти талабга жавоб бермаётгани, аҳоли муаммоларини ҳал этишда уларнинг ўрни сезилмаётганини қайд этиб ўтди ва бу борада аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Дарҳақиқат, кўп ҳолларда шаҳар ва туман сессиялари номигагина ўтказилиб, тегишли масалаларни олиб чиқиш ва муҳокама қилишда депутатлар ҳамда доимий комиссияларнинг ўрни сезилмайди. Эндиликда бундай ҳолатларга бутунлай барҳам берилади. Халқ вакилларидан янада ташаббускорлик талаб этилмоқда.
Бугунги кунда Олий Мажлис Сенати аъзолари шаҳар ва туманларга бириктирилган бўлиб, улар маҳаллий кенгашларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга ҳам бош-қош бўлмоқда. Хусусан, Бағдод туманида намунали кенгаш фаолиятини ташкил этиш учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Мазкур туманда депутатлар иштирокида ўтказилган семинарда намунали кенгаш ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Сенатнинг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Р.Маҳмудова, сенаторлар Э.Сиддиқова, И.Султоновлар маҳаллий кенгаш фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ҳақида сўз юритди ва бу борада доимий комиссиялар ҳамда депутатлар зиммасидаги вазифалар ҳақида тушунчалар берди.