Наманганда замонавий "IT Park" барпо этилади
Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан ҳафтанинг дам олиш кунлари Наманган шаҳри ҳамда унинг Давлатобод ва Янги Наманган туманларида ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган бунёдкорлик лойиҳалари кўздан кечирилади.
Жумладан, Давлатобод туманидагм "Янги Наманган шаҳарчаси" ҳудудида бунёд қилинаётган кўп қаватли тураржойлар қурилиши жараёнлари билан танишилди.
Айни кунларда ҳудуд улкан қурилиш майдонига айланган бўлиб, ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. “Янги Наманган шаҳарчаси” лойиҳаси доирасида замонавий инфратузилмалар, кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда йўл-транспорт тизимлари бунёд этилмоқда.

Шаҳарча таркибидан эндиликда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари маркази биноси ҳам жой олади. Ушбу марказ лойиҳаси ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, стартаплар ва "IT" компаниялари учун қулай муҳит яратишга қаратилган.
Вилоят раҳбари "IT Park" лойиҳаси учун мақбул ҳудудни кўздан кечириб, инвесторларга ўз тавсияларини бериб, барча масалаларда амалий кўмакка тайёрлигини билдирди.
Хитойнинг "Shanghai Construction Group" компанияси билан ҳамкорликда амалга ошириладиган мазкур истиқболли лойиҳа қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг. Бино 12-16 қаватдан иборат бўлиб, замонавий идоралар, "коворкинг" зоналар, "стартап"лар учун инфратузилма барпо этилади.

Ўрганиш жараёни давомида масъул ташкилотлар мутасаддиларига лойиҳани янада тезлаштириш, қурилиш ишларига киришиш чораларини кўриш юзасидан топшириқлар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА