Наманганда мевани қайта ишлаш корхонаси очилди
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов қайд этганидек, ушбу йирик инвестициявий лойиҳа мамлакатимизда ишбилармонлик учун яратилган қулай муҳит, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг ёрқин натижаси эканлигини таъкидлади.
Республиканинг саноат, хусусий тадбиркорлик ва бизнес маркази ҳисобланган Наманган вилоятида саноат салоҳиятини юксалтириш, янги инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги амалий ишлар изчил давом этмоқда.

Ватанимиз истиқлолининг ўттиз беш йиллиги байрамига муносиб туҳфа сифатида Янгиқўрғон туманидаги Булоқбоши маҳалласида “Наманган шарбати” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилган, мевани қайта ишлашга ихтисослашган замонавий саноат корхонаси фойдаланишга топширилди.

Эътиборлиси шундаки, 1,6 гектар майдонни эгаллайдиган замонавий корхонада йилига 25 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари қайта ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Лойиҳа қиймати 25 миллион АҚШ долларига тенг янги саноат корхонасининг ишга туширилиши нафақат туманда саноат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам алоҳида ўрин тутади. Корхона фаолиятини бошлаши натижасида 150 та янги иш ўрни яратилди.

Қайд этиш даркор, корхонада замонавий технологиялар асосида тайёрланадиган маҳсулотлар ички бозор талабини қондириш ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Айниқса, туманда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат яратилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятларни очади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.