Нақд тўлов чегараси 400 БҲМга етказилди
Тадбиркорлар учун «Иккинчи имкон», кичик бизнесга уч йиллик мораторий ва «биринчи хато учун — огоҳлантириш» қоидаси жорий этилмоқда.
Ўзбекистонда товар ва хизматлар учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби янада такомиллаштирилмоқда. Энди товар ва хизматлар учун нақд пулда тўлов қилиш мумкин бўлган чегара базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари этиб белгиланди. Бу меъёр Президентимизнинг 2026 йил 27 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида назарда тутилган бўлиб, ҳужжат 2026 йил 28 августдан кучга кирди.
Аввал амалдаги тартибга кўра, қиймати 25 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар учун нақд пулда ҳисоб-китоб қилишга йўл қўйилмас эди. Янги тартиб билан мазкур чегара БҲМга боғланди. Натижада БҲМ миқдори ўзгариши билан нақд тўлов чегараси ҳам мутаносиб равишда ўзгаради. 2026 йил 1 сентябрдан БҲМ 440 минг сўм этиб белгиланиши муносабати билан 400 БҲМ 176 миллион сўмни ташкил этади. Шунингдек, мазкур қоида қонунчиликка кўра фақат нақдсиз амалга ошириладиган товар ва хизматларга нисбатан татбиқ этилмайди. Фармонда нақд тўловнинг 400 БҲМлик чегараси айнан умумий тартиб сифатида белгиланган.
Айрим товар ва хизматлар бўйича тўловлар суммаси қанча бўлишидан қатъи назар, уларни нақдсиз амалга ошириш талаби сақланиб қолмоқда. Жумладан, давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви учун тўловлар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, ёқилғи қуйиш шохобчаларида нефть-газ маҳсулотларини аҳолига сотиш ҳамда электр транспорт воситаларини зарядлаш хизматлари шулар жумласидандир. Шунингдек, кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган М, N, O ва G тоифаларига кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситаларининг олди-сотдисида ҳам нақдсиз ҳисоб-китоб қилиш талаб этилади. Бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича алоҳида тартиб сақланиб қолади.
ПФ-175-сон Фармоннинг аҳамияти фақат тўлов тартиби билан чекланмайди. Ҳужжатда тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор янги кафолатлар ҳам белгиланган. Хусусан, давлат органи ва тадбиркорлик субъекти ўртасидаги оммавий-ҳуқуқий муносабатларда «тадбиркорлик субъектининг ҳақлилик презумпцияси» амал қилади.
Унга кўра, давлат органи аксини исботламагунига қадар тадбиркор ва унинг мансабдор шахси қонунчиликка мувофиқ ҳаракат қилган ҳамда ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган деб ҳисобланади. Қонунчиликдаги бартараф этиб бўлмайдиган зиддият ва ноаниқликлар, шунингдек, давлат органи тақдим этган далилларнинг етарли эмаслиги сабабли юзага келадиган шубҳалар ҳам тадбиркор фойдасига талқин қилинади. Бу норма тадбиркор билан давлат органи ўртасидаги муносабатларда масъулият ва далиллаш юкига нисбатан янги ёндашувни белгилайди.
Фармонда кичик тадбиркорлик субъектларини текшириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар қандай текширишга уч йил муддатга мораторий жорий этилди. Бироқ бу қоида мутлақ эмас. Жиноят иши доирасидаги, инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилишини текшириш билан боғлиқ ҳолатлар, фуқаролар мурожаатлари, қўшилган қиймат солиғини қоплаш ёки қайтариш ҳамда тадбиркорлик субъектини тугатиш муносабати билан ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно. Мораторий даврида белгиланган истиснолардан ташқари, кичик бизнес субъектларини текшириш ноқонуний ҳисобланади.
Ҳужжатда тадбиркорлик субъектларининг молиявий юкини енгиллаштириш мақсадида «Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси ҳам эълон қилинди. Мазкур амнистия 2026 йил 31 декабрга қадар кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади. Унга кўра, амнистия эълон қилингунига қадар юзага келган солиқ қарзи 2026 йил 31 декабрга қадар тўлиқ тўланган тақдирда, ушбу қарз бўйича ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилади ва у билан боғлиқ ижро ишлари тугатилади.
Шунингдек, тадбиркор аввал тақдим этган солиқ ҳисоботларига мустақил равишда тузатиш киритиб, қўшимча ҳисобланган солиқни белгиланган муддатда тўласа, ушбу суммага нисбатан пеня ҳисобланмайди. Амнистия доирасида хатоларини мустақил бартараф этган тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингидаги баллари ҳам пасайтирилмайди.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 январга қадар шаклланган айрим қарздорликлар, жумладан, солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун қўлланган маъмурий жариманинг тўланмаган қисми ва айрим молиявий жарималарнинг тўланмаган қисми ҳисобдан чиқарилиши назарда тутилган. Тадбиркорларга нисбатан молиявий жарималар қўллашда ҳам янги ёндашув жорий этилмоқда. 2027 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари биринчи марта қоидабузарликка йўл қўйган, бироқ бунинг оқибатида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ёки бошқа шахсларнинг мулкига зарар етказилмаган бўлса, дарҳол молиявий жарима қўлланмайди. Аввало камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади. Шунингдек, ҳукуматга барча турдаги молиявий ва маъмурий жарималарни тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда улар миқдорини мутаносиблик принципидан келиб чиқиб, ўртача икки баравар камайтириш бўйича таклиф киритиш вазифаси юклатилган.
ПФ-175-сон Фармоннинг мазмун-моҳиятига назар ташласак, ҳужжатда тадбиркорлик учун ортиқча маъмурий юкни камайтириш, ҳисоб-китобларни соддалаштириш, бизнес ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш каби бир-бири билан узвий боғлиқ чоралар белгиланган. Жумладан, 2027–2030 йилларда устувор саноат тармоқларида стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Келажак тадбиркори» дастури амалга оширилади. У доирасида 8 та устувор йўналишда 30 тагача стартап лойиҳаси танлов асосида молиялаштирилади. Ҳар бир лойиҳага 5 миллиард сўмгача маблағ инвестиция шаклида киритилиши белгиланган.
Туризм соҳасида ҳам тадбиркорлар учун қўшимча имкониятлар яратилмоқда. Масалан, меҳмонхона қуриш учун 50 миллиард сўмгача, уни реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун 20 миллиард сўмгача кредитлар бўйича белгиланган шартларда фоиз харажатларининг бир қисми қоплаб берилиши назарда тутилган. Умуман олганда, янги чора-тадбирлар тадбиркорликни фақат молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш эмас, балки бизнес юритишдаги маъмурий тўсиқларни қисқартириш, тадбиркорнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва давлат билан муносабатларда адолатли ёндашувни таъминлашга қаратилган.
Шунингдек, нақд тўлов чегарасининг 400 БҲМга оширилиши ҳам бизнес ва аҳоли учун ҳисоб-китобларда қўшимча қулайлик яратади. Бироқ айрим товар ва хизматлар бўйича фақат нақдсиз тўлов талаби сақланиб қолгани учун харидорлар тўловни амалга оширишдан олдин товар ёки хизматнинг қонунчиликда белгиланган тоифасига эътибор қаратиши лозим.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА