Аграр соҳада Ўзбекистон ва Миср ҳамкорлиги: Ал-Фарғоний меросига асосланган тажриба
Таҳлил ва таклиф
Юртимиз олий таълим муассасалари олдида эндиликда фақат дипломли мутахассислар тайёрлаш эмас, балки замонавий технологияларни тушунган, назарий билимларни амалиётда қўллай оладиган, иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларига жавоб берадиган малакали кадрларни етиштириш вазифаси турибди.

Таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш ҳамда илғор хорижий тажрибани миллий шароитга мослаштириш бугунги кунда устувор аҳамиятга эга. Бу борада Ўзбекистон ва Миср ўртасида аграр таълим, илм-фан ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ривожланаётган ҳамкорлик янги имкониятлар очмоқда.
Бу икки халқнинг илмий ҳамкорлиги узоқ тарихга эга. Бунга Мисрнинг Қоҳира шаҳрида IX асрда бунёд этилган ва ҳанузгача сақланиб қолган “Миқёс ан-Нил” иншооти ёрқин мисолдир. Нил дарёси сув сатҳини ўлчаш, сув тошқинлари ва бўлажак ҳосилдорликни олдиндан прогноз қилиш имконини берган ушбу обида буюк ватандошимиз Аҳмад ал-Фарғоний лойиҳаси асосида барпо этилган. Бу тарихий ёдгорлик илм-фан ва деҳқончилик азалдан чамбарчас боғлиқ бўлганини яққол исботлайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил февраль ойида Мисрга қилган расмий ташрифи дастуридан ҳам ушбу тарихий обида ўрин олган эди. Бугунги кунда ана шу кўп асрлик алоқалар янги мазмун касб этмоқда. Эндиликда сувни тежаш, чўл ҳудудларини ҳосилдор ерларга айлантириш борасидаги хориж тажрибасини ўрганиш ва уни олий таълим орқали ёш мутахассисларга етказиш асосий мақсад этиб белгиланган.
Бу борадаги амалий қадам сифатида, жорий йил август ойи охирида Қоҳирада Миср Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари маркази раҳбари Одил Абдуазим билан учрашув ўтказилди. Унда Миср томони чорвачилик, озуқа базасини шакллантириш, яйловларни бошқариш ва чўл ерларини ўзлаштириш бўйича тажриба ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, янги экин навларини яратиш ҳамда “pivot” суғориш тизимларини қўллаш бўйича қўшма илмий лойиҳалар муҳокама қилинди.
Ҳамкорликнинг мантиқий давоми сифатида, 15–20 сентябрь кунлари мамлакатимиз делегацияси Мисрда бўлиб, сув ресурсларини бошқариш ва замонавий агротехнологиялар амалиёти билан яқиндан танишди. Миср қишлоқ хўжалиги ва ерларни мелиорация қилиш вазири Ало Фаруқ билан кечган мулоқотда эса ветеринария ва амалий тадқиқотларни кенгайтириш, шунингдек, давлат муассасалари, илмий марказлар ҳамда хусусий сектор ўртасида тўғридан-тўғри шериклик ўрнатишга келишилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида 29 сентябрь куни бўлиб ўтган музокараларда сувни тежовчи технологиялар, гидрология, масофадан зондлаш, иқлим ўзгариши ва сувдан қайта фойдаланиш бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Унда Миср технологиялари асосида 20 минг гектар майдонда пилот лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда икки мамлакат олимлари алмашинувини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Хўш, нега айнан Миср тажрибаси биз учун бу қадар муҳим? Бу мамлакат ҳудудининг катта қисми чўллардан иборат бўлиб, ягона асосий сув манбаи Нил дарёси ҳисобланади. Шундай мураккаб шароитда Миср янги ерларни ўзлаштириш, сувнинг ҳар бир томчисини асраш ва қурғоқчил иқлимда чорвачиликни ривожлантириш бўйича улкан тажриба тўплаган. Бугунги кунда сув танқислиги кучайиб, яйловлардан унумли фойдаланиш зарурати туғилаётган Ўзбекистон олдида ҳам айнан шундай глобал вазифалар турибди.
Давлатимиз раҳбари 2024 йил Қашқадарё вилоятида ўтказилган йиғилишда 2030 йилгача воҳада 200 минг гектар, жумладан, ўша йилнинг ўзида 15 минг гектар яйловни ўзлаштиришнинг янги тизимини жорий этиш вазифасини қўйган эди. Жорий йил 21 октябрдаги ташриф давомида эса мисрлик ва покистонлик инвесторлар Нишон ва Ғузор туманларида 24 минг гектар ерда картошкачилик ва чорвачилик лойиҳаларини бошлаётгани маълум қилинди. Бу Миср тажрибаси назарий муҳокамалардан амалий натижалар босқичига ўтганини англатади.
“Pivot” – марказий таянч атрофида айланадиган, ғилдиракли устунларга ўрнатилган узун қувур ёрдамида далани доира шаклида бир текис суғорадиган тизим бўлиб, у сув ва ўғит сарфини аниқ назорат қилиш имконини беради. Бироқ технологиянинг ўзи етарли эмас, ундан тўғри фойдалана оладиган мутахассис ҳам керак. Масалан, чўл ҳудудида замонавий суғориш ускунаси ўрнатилди, дейлик, тупроқ шўрланса, насос бузилса, чорва касалланса ёки озуқа экини кутилган ҳосилни бермаса, фермерга ким ёрдам беради? Агар агроном, гидротехник, ветеринар ва селекционер шу ҳудуднинг ўзида бўлмаса, ҳар бир муаммо учун узоқдан мутахассис чақиришга тўғри келади. Бу эса вақт ва маблағ талаб қилади. Шунинг учун хориж тажрибасини ўзлаштиришда техникани олиб келиш билан чекланмай, уни бошқарадиган кадрларни олий таълим ва илм-фан тизимида тайёрлаш зарур.
Олий таълим тизимида бундай кадрларни тайёрлаш учун кенг имконият мавжуд. Президентимиз 21 октябрь куни Қамаши туманида таъкидлаганидек, илгари ҳар 100 нафар ёшдан 9 нафари олий таълимга кирган бўлса, бугун бу кўрсаткич 45 нафарга етган. Энди асосий эътибор таълим сифатига қаратилиши керак. Битирувчи қўлида диплом билан бирга дала, ферма ва лабораторияда ишлаш учун зарур амалий кўникмаларга ҳам эга бўлиши лозим. Шу жиҳатдан Миср билан қишлоқ хўжалигидаги ҳамкорлик аграр таълим учун ўзига хос “амалий дарслик” бўла олади. Бундай амалий тажрибани таълим жараёнига жорий этишнинг олтита муҳим йўналишини кўрсатиш мумкин.
Аввало, ўқув дастурларини замон талабларига мослаштириш. Чўл деҳқончилиги, яйловларни бошқариш, “pivot” ва томчилатиб суғориш, сувдан қайта фойдаланиш, гидрологик моделлаштириш, геоахборот тизимлари, масофадан зондлаш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш каби йўналишларни аграр, сув хўжалиги ва экология соҳаларидаги бакалавриат ва магистратура дастурларига алоҳида модул сифатида киритиш мақсадга мувофиқ. Уларни Миср илмий марказлари мутахассислари билан биргаликда ишлаб чиқиш таълим мазмунини амалиётга янада яқинлаштиради.
Шунингдек, қўшма таълим дастурларини ривожлантиришнинг ҳам аҳамияти юқори. Жорий йил июль ойида Қоҳирада ўтказилган “EDUGATE – 2026” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон олийгоҳлари ўз таълим дастурлари ва илмий имкониятларини намойиш этди. Академик алмашинув, қўшма даража дастурлари, илмий тадқиқотлар ва университетлараро шериклик масалалари муҳокама қилинди. Ана шу ҳамкорлик асосида аграр ва сув хўжалиги йўналишларида икки мамлакат дипломи бериладиган магистратура дастурларини йўлга қўйиш мумкин. “Yangi O‘zbekiston Scholarship” халқаро грант дастури ва “Study in Uzbekistan” платформаси орқали мисрлик талабаларни ҳам мамлакатимиз олийгоҳларига жалб этиш имконияти мавжуд.
Пилот майдонларни очиқ осмон остидаги лабораторияга айлантириш ҳам соҳада муҳим саналади. Миср тажрибасига таяниб таклиф этилаётган 20 минг гектарлик пилот лойиҳалар, шунингдек, Қашқадарёдаги 24 минг гектарлик инвестиция лойиҳалари талабалар амалиёти, магистрлик ва докторлик тадқиқотлари учун муҳим тажриба майдони бўлиши мумкин. Тупроқ намлиги, сув сарфи, ҳосилдорлик, озуқа экинларининг ўсиши ва чорва маҳсулдорлиги ҳақида тўпланган маълумотлар фермерлар учун ҳам, олимлар учун ҳам қимматлидир. Илмий иш аниқ майдондаги аниқ муаммони ҳал қилишга қаратилса, тадқиқот натижаси қоғозда қолмай, бевосита ишлаб чиқаришга хизмат қилади.
Бунда олим ва мутахассислар алмашинувини кенгайтириш ҳам яхши натижага олиб боради. Музокараларда икки мамлакат олимлари ва мутахассисларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, Мисрнинг етакчи илмий марказлари вакилларини Ўзбекистонга жалб қилиш таклиф этилди. Бу имкониятдан ёш тадқиқотчиларимизни Миср илмий марказларига қисқа муддатли стажировкага юбориш, мисрлик профессорларни эса олийгоҳларимизга маъруза ва маҳорат дарслари ўтиш учун таклиф этиш орқали самарали фойдаланиш мумкин.
Селекция ва ветеринария соҳаларида қўшма лабораториялар ташкил этиш ҳам алоҳида муҳим масала. Чорвачилик, ветеринария, амалий тадқиқотлар, янги экин ва озуқа навларини яратиш бўйича белгиланган ҳамкорлик йўналишлари университетлар қошида қўшма лабораториялар очиш учун асос бўла олади. Айниқса, иссиқ ва қурғоқчил иқлимга чидамли озуқа навлари, яйлов ўсимликлари ҳамда чорва маҳсулдорлигини оширишга қаратилган тадқиқотлар долзарбдир.
Соҳа ривожида ҳудудий олийгоҳларнинг амалий ролини кучайтириш ҳам муҳим. Лойиҳалар амалга оширилаётган вилоятлардаги университетлар зарур мутахассисларни тайёрлаш марказига айланиши керак. Шунда ёшлар ўз ҳудудида таълим олиб, шу ернинг ўзида ишлаш имкониятига эга бўлади. Университет, илмий марказ, инвестор ва фермер ўртасида узвий ҳамкорлик шаклланса, таълим билан меҳнат бозори ўртасидаги узилиш қисқаради.
Масалан, Нишон, Ғузор туманида ёки Хоразим вилояти, Қорқалпоғистон Республикасининг чекка бир туманида яшовчи бир ёшни тасаввур қилайлик. У ўз ҳудудидаги университетда сув хўжалиги бўйича таҳсил олади, магистратурада Миср тажрибасига асосланган модулни ўзлаштиради, амалиётни уйига яқин пилот майдонда ўтайди ва бир семестр Қоҳирадаги илмий марказда билим олади. Кейин ўз юртига қайтиб, хориждан таклиф этиладиган мутахассис вазифасини бажара олади, маҳаллий фермерларга маслаҳат беради ёки ўз агрофирмасини ташкил этади. Олий таълимнинг амалий натижаси айнан шундай ҳаётий мисолларда, ўзлаштирилган ҳар бир гектар ер ва тежалган ҳар бир куб метр сувда кўринади.
Минг йилдан ортиқ вақт аввал Аҳмад ал-Фарғоний Нил суви сатҳини аниқлашда илмий ҳисоб-китобларга таянган эди. Бугун эса унинг илмий меросини давом эттираётган ёш олим ва мутахассислар чўл ҳудудларини обод қилиш учун сувнинг ҳар бир томчисини ҳисобга олишни ўрганмоқда. Миср билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик олий таълим, илм-фан ва амалиётни ўзаро боғлай олса, у озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, сувни тежаш ва қишлоқ ёшлари бандлигини таъминлашга хизмат қиладиган барқарор тизимга айланади.
Санжар МИРЗАЛИЕВ,
таълим ва илм-фан вазири ўринбосари.
ЎзА