Наманганда ичимлик ва оқава сув тизими янгиланади
Мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан барқарор таъминлаш энг муҳим устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бу борада Наманган вилоятида истиқболли лойиҳалар асосида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, “Наманган вилоятининг ичимлик ва оқава сув тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси ана шулар жумласидан. Наманган шаҳрининг асосий ичимлик суви манбаи ҳисобланган “Курашхона” сув тозалаш ва узатиш иншоотида бўлиб ўтган тақдимотда “Наманган сув таъминоти” акциядорлик жамияти директори Мухторжон Ҳожиев халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бугунги ҳолати, бажарилган ишлар ва навбатдаги вазифалар ҳақида ахборот берди.

Қайд этилганидек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида қиймати 16,9 миллион АҚШ долларига тенг “Курашхона” сув иншоотини реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида тўққизта замонавий насос агрегати, суткасига 100 минг куб метр қувватга эга сувни тиндириш ва фильтрлаш иншооти, реагент хўжалиги, диспетчерлик ва марказий лаборатория биноси барпо этилмоқда.

Шунингдек, иккита беш минг куб метрлик ҳамда битта 10 минг куб метрлик тоза сув резервуари реконструкция қилинмоқда. Бу лойиҳа якунига етгач, “Курашхона” сув иншоотининг сув тозалаш қуввати суткасига 38 минг куб метрдан 100 минг куб метргача етади. Натижада, сувнинг лойқалиги 2500 мг/литр бўлган ҳолатларда ҳам уни сифатли тозалаш имконияти яратилади ҳамда 600 минг аҳоли узлуксиз ва сифатли ичимлик суви билан таъминланади.

Таъкидлаш жоиз, Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги умумий қиймати 74,6 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида Наманган вилоятидаги бир юз олтита маҳалладаги 650 минг аҳолининг ичимлик суви, Поп туманидаги ўнта маҳаллада истиқомат қилувчи 35 минг кишининг оқава сувга бўлган эҳтиёжи яхшиланади.

Наманган оқова сувларни тозалаш бош иншоотини давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция қилиш бўйича инвестиция лойиҳасининг тақдимотида, келгусидаги ишлар, кутилаётган натижалар ҳамда унинг ҳудуд экологияси ва аҳолининг турмуш сифатини яхшилашдаги аҳамияти юзасидан батафсил маълумот берилди.

96 миллион долларни ташкил этувчи мазкур лойиҳа доирасида суткасига 100 минг куб метр қувватга эга замонавий оқова сувларни тозалаш иншооти, битта оқова сув насос станцияси ҳамда 7,5 километр ташлама оқова сув тармоғи барпо этилиши режалаштирилган. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида Наманган шаҳри, Янги Наманган ва Давлатобод туманлари, шунингдек, Тўрақўрғон, Косонсой, Наманган, Уйчи, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманлари аҳолиси учун оқова сув хизматлари сифати сезиларли даражада яхшиланади.
Тақдимотда лойиҳа доирасида оқова сувларни биологик тозалаш бўйича дунёдаги илғор “Нереда” технологияси жорий этилиши айтиб ўтилди. Ушбу технология атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, экологик ва санитария-эпидемиологик вазиятни янада яхшилашга хизмат қилади.
Тақдимотлар якунида Наманган вилояти ҳокими қурилиш-монтаж ишларини белгиланган муддатларда ва сифатли якунлаш, халқаро стандартларни тўлиқ таъминлаш ҳамда аҳолини сифатли ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири