Аниқ вазифалар ва амалий чоралар белгилаб олинди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2026 йил август ойида ўтказилиши белгиланган VI очиқ мулоқотига тайёргарлик ишлари изчил давом этмоқда. Ана шу жараён доирасида 7 июль куни Жиззах вилоятининг Зомин туманида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, ишбилармонларни қийнаётган масалалар, уларнинг таклиф ва ташаббуслари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда «Ўзмиллийбанк» АЖ Жиззах вилояти Бош бошқармаси, туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этишди. Очиқ ва амалий руҳда кечган мулоқот давомида тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланиб, мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш юзасидан аниқ вазифалар ва амалий чоралар белгилаб олинди.
Тадбирда тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари, имтиёзли кредитлар ажратиш тартиби, замонавий молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ҳамда амалдаги қарор ва дастурларнинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил маълумот берилди. Шунингдек, банк тизимида жорий этилган «Бизнес-ҳамкор» тамойили доирасида тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва амалий ечимлар тақдим этиш устувор вазифалардан бири экани таъкидланди.
Учрашувда жами 30 га яқин тадбиркор ва фуқаро иштирок этди. Банк фаолияти билан боғлиқ 5 та мурожаат қабул қилиниб, улар асосан кредит ажратиш ҳамда банк хизматларини янада такомиллаштириш масалаларига дахлдор бўлди.
[gallery-30333]
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари самарадорлиги билан эътиборга лойиқ. Хусусан, 3 та мурожаат ижобий ҳал этилди. Жумладан, икки нафар тадбиркорга жами 25 миллион 200 минг сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, бир тадбиркор учун дебет айланмалари бўйича банк комиссияси 0 фоиз этиб белгиланди. Қолган 2 та мурожаат эса белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.
Йиғилиш якунида келиб тушган барча мурожаатларни белгиланган муддатларда кўриб чиқиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тарғибот ишларини янада кучайтириш ҳамда мурожаатлар ижроси устидан тизимли назорат ўрнатиш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.
Зомин туманидаги мазкур очиқ мулоқот тадбиркорларнинг долзарб масалаларини жойида ҳал этиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва Президентнинг тадбиркорлар билан бўлиб ўтадиган VI очиқ мулоқоти учун таклиф ҳамда мурожаатларни тизимлаштириш йўлидаги муҳим амалий қадамлардан бири бўлди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари