Наманганда энергия самарадорлигини ошириш ишлари давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Наманган вилоятида энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалий ишлар давом этмоқда.
Шу муносабат билан Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Давлатобод туманида соҳада амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб вилоят ҳокими “Миллий электр тармоқлари” АЖ Наманган магистрал электр тармоқлари филиалида бўлиб, электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш жараёнлари, шунингдек, диспетчерлик бошқарув маркази фаолияти билан танишди. Мутахассислар томонидан электр тармоқларини бошқариш тизими ва олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.
[gallery-30624]
Шунингдек, Давлатобод туманида 2026 йилда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар тақдимоти намойиш этилди. Унда электр энергияси, табиий газ ва иссиқлик энергияси сарфини тежаш, техник йўқотишларни қисқартириш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда истеъмолчиларни барқарор энергия билан таъминлашга қаратилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, амалга оширилаётган ишлар энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тармоқлар самарадорлигини ошириш ва аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматлар сифатини юксалтиришга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА