Мьянмада улкан ёқут топилди
Мьянмада мамлакат тарихидаги энг йирик ёқутлардан бири топилди. Швециянинг "Expressen" нашри хабар беришича, оғирлиги тахминан 11 000 карат – тахминан 2,5 кг бўлган ёқут қимматбаҳо ер ости унсурлари билан машҳур Могок шаҳри яқинида кончилар томонидан қазиб олинган.
Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, мазкур қимматбаҳо инжу Жануби-Шарқий Осиё мамлакатида топилган иккинчи энг катта ёқут ҳисобланади.
Мутахассислар ноёблиги, соф ранги ва юқори сифатини таъкидлаётган бу тошнинг қиймати мамлакатдаги мавжуд энг йирик ёқутдан ошиши мумкин экан.
Апрель ойи ўрталарида қўлга киритилган топилма фақат энди расман эълон қилинди. Ёқутни Мьянма Президенти Мин Аунг Хлаинг жамоатчиликка тақдим этди.
Г.Сатторова, ЎзА