Мустақиллик туҳфалари: инсон қадри ва обод ҳаёт сари
Мустақиллик – инсон учун энг улуғ неъмат. Зеро, табиатдаги ҳар бир тирик жон эркинликка интилади. Алишер Навоий бобомиз «Гар олтин қафас ичра қизил гул битса, булбулга тикондек ошиён бўлмас эмиш», дея бежиз айтмаган. Шу боис истиқлол байрами халқимиз қалбида ҳамиша алоҳида ўрин тутади. Бу йил Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги юртимизнинг барча ҳудудларида катта тантана ва янгиланишлар билан қарши олинмоқда. Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ҳам байрам шукуҳи нафақат майдонлардаги тантаналарда, балки одамлар ҳаётидаги амалий ўзгаришларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Узоқ йиллик орзу рўёби
Чироқчи туманидаги сафаримизни энг олис ҳудудлардан бири – Араббанди маҳалласидан бошладик. Маҳаллага қарашли Шўрқудуқ қишлоғида қад ростлаган янги мактаб биносига кўзимиз тушиши биланоқ бу ердаги ўзгаришлар кўламини ҳис қилдик.
Замонавий архитектура ечимлари асосида барпо этилган 129-умумтаълим мактаби қишлоқ аҳолисининг кўп йиллик орзусини рўёбга чиқарди.
Чунки илгари бу қишлоқда мактабнинг ўзи бўлмаган. Болалар қўшни қишлоқдаги таълим муассасасига қатнар, бунинг учун анча масофани босиб ўтарди. Айниқса, катта автомобиль йўлини кесиб ўтиш болалар хавфсизлиги масаласини доимо кун тартибида ушлаб турарди.
Шу қишлоқда истиқомат қилувчи, 39 йил педагоглик қилган фахрий устоз Исмоил бобо Синдиров янги мактабни кўрар экан, ўтган йилларни хотирлади.
– Мен ҳам 39 йил элнинг фарзандларига таълим бердим. Лекин янги қурилган мактабдаги шароитларни кўриб, кўзимга ёш келди. Бугунги ёшлар жуда бахтли. Уларга яратилаётган шароитлар, таълимга қаратилаётган эътиборни кўриб, дориламон кунларга шукр қиласан киши. Бу мактабнинг Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши қишлоғимиз ёшларига катта туҳфа бўлди, – дейди у.
Мактаб раҳбари Ўткир Суюновнинг айтишича, муассаса тегишли дастурлар асосида қарийб 11,5 миллиард сўм бюджет маблағи ҳисобидан барпо этилган.
330 ўринга мўлжалланган таълим масканида ўқувчилар учун барча зарур шароит яратилган. Бино замонавий иситиш ва совитиш тизими билан жиҳозланган. Жисмоний имконияти чекланган ўқувчилар учун лифт ўрнатилган.
Компьютер ва лаборатория хоналари, спорт зали, мини-футбол майдончаси, зарур инвентарлар – барчаси болалар ихтиёрида.
Араббанди маҳалласида 7 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла раиси Толмас Қулмуратовнинг айтишича, янги мактаб қишлоқ аҳолисининг йиллар давомида кутган муаммосини ҳал этди.
– Ўтган йили бу ерда қалин тупроқ, янтоқ босган кенглик бор эди. Бир йилда шунчалик ўзгариб, замонавий мактаб, мини-стадион ва бошқа қулайликлар яратилди. Байрам арафасида унинг фойдаланишга топширилаётганидан одамларимиз жуда мамнун, – дейди маҳалла раиси.
Бу каби ўзгаришлар туманда биргина мактаб билан чекланиб қолмаяпти. Мустақиллик байрами арафасида Чироқчи туманида 35 та ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилмоқда. Уларнинг 10 таси умумтаълим мактабидир.
Сув келса – барака келади
Чироқчидаги яна бир манзилимиз Танҳоз дарёси бўйидаги янги гидроиншоот ва Қайирма канали бўлди.
Қишлоқ хўжалиги учун сувнинг ҳар бир томчиси қадрли бўлган бу ҳудудда амалга оширилган ишларнинг аҳамиятини ерга меҳр билан қараётган деҳқон ва фермерларнинг сўзларидан ҳам англаш мумкин.
Узоқ йиллардан буён аҳоли томорқалари ва фермер хўжаликлари далаларини суғоришга хизмат қилиб келган Қайирма каналининг 1 минг 685 метр қисми бетонлаштирилди. Танҳоз дарёсидан сув олинадиган бош қисмида янги гидроиншоот барпо этилди.
– Илгари сувнинг йўқотилиши юқори бўлгани учун каналнинг охирги қисмларига сув тўлиқ етиб бормасди. Бугун амалга оширилган ишлар натижасида бу муаммо анча бартараф этилди. Канал орқали олти ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги ерлари ва аҳоли томорқалари сув билан таъминланади, – дейди туман ирригация бўлими гидротехниги Аҳад Аҳмедов.
Мутахассиснинг таъкидлашича, амалга оширилган ишлар натижасида 5 минг 300 гектар майдон, жумладан, 135 та фермер хўжалиги ҳамда 21 та маҳалладаги 9 минг 840 аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш даражаси 62 фоиздан 78 фоизга ошган.
Бу рақамлар ортида эса минглаб хонадонларнинг дастурхони, далалардаги ҳосил ва одамларнинг эртанги кунга ишончи мужассам.
Обод маҳалла – фаровон хонадон
Кейинги манзил Пахтаобод маҳалласи бўлди. Бу ерда ҳам байрам арафасида ишлар қизғин.
Кўчаларда қурилиш-тирикчилик. Бир томонда асфальт ётқизилмоқда, яна бир томонда ичимлик суви тармоқлари тортилаяпти.
– Маҳалламизда 3 километр ичимлик суви тармоғи ва 3 километр асфальт йўл қуриляпти. Илгари бундай қулайликлар бўлмаган. Бугун ислоҳотларнинг самарасини ўз маҳалламизда кўриб турибмиз. «Долзарб 40 кунлик» доирасида хонадонлар обод қилинмоқда, иссиқхона ва деҳқончилик ишлари ривожланяпти. Байрам олдидан бу катта туҳфа бўлди, – дейди маҳалла раиси Жалолиддин Очилов.
Дарҳақиқат, обод маҳалла фаровон хонадон, фаровон хонадон эса юрт тараққиётининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири.
Байрам шукуҳи
Кечга яқин туман марказидаги марказий ўйингоҳ одамлар билан гавжумлашди. Мустақилликнинг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш учун туман аҳли шу ерга жам бўлган.
Кимнингдир қўлида байроқ, кимнингдир кўзида қувонч. Ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар янграйди. Болаларнинг шод кулгиси, катталарнинг самимий суҳбатлари байрам манзарасига янада файз бағишлайди.
Туман ҳокими Баҳодир Худойқулов йиғилганларни байрам билан табриклаб, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва истиқболдаги режалар ҳақида сўз юритди.
Бугун Чироқчи туманидаги янгиланишлар кўлами кенг. Жорий йилда 3 та маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси, 3 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 8 та умумтаълим мактаби, замонавий ахборот-кутубхона маркази барпо этилди. Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам замонавий хусусий тиббиёт клиникаси фойдаланишга топширилди.
Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 56 километр ички автомобиль йўллари қурилиб, таъмирланди. 11 километр ичимлик суви тармоғи янгидан тортилди ва реконструкция қилинди. Электр таъминотини яхшилаш учун ҳудудларга 24 та янги трансформатор ўрнатилди.
Инвестиция соҳасида ҳам янги лойиҳалар шакллантирилмоқда. Жорий йилда ҳудудий инвестиция лойиҳалари доирасида 213 миллион долларлик хорижий сармоя ва кредитларни ўзлаштириш бўйича манзилли лойиҳалар белгиланган.
Бу рақамлар ортида янги иш ўринлари, янги корхоналар, обод маҳаллалар ва фаровон оилалар тақдири турибди.
Стадионда эса байрам дастури авжига чиқди. Эл суйган санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар туман аҳлига кўтаринки кайфият бағишлади.
Шу дамда саҳнада янграётган қўшиқлар садоси, қўлларидаги байроқчаларни ҳилпиратаётган болалар ва байрамдан мамнун чеҳраларга боқиб, мустақилликнинг асл қадрини яна бир бор ҳис этасан киши.
Зеро, мустақиллик фақат байрам эмас. У янги мактабга келаётган боланинг қувончи, йиллар давомида сув кутган даланинг умиди, асфальт йўлдан қатнаётган одамнинг розилиги, обод маҳаллада хотиржам яшаётган оиланинг бахтидир.
Чироқчидаги бугунги ўзгаришлар эса ана шу улуғ неъмат – мустақилликнинг инсон ҳаётидаги амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.
[gallery-31078]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари