JCI – ишончнинг олтин стандарти: беморлар ва ҳамкорлар учун янги имкониятлар
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов 25-26 август кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган «JCI — ишончнинг олтин стандарти: беморлар ва ҳамкорлар учун янги имкониятлар» мавзусидаги биринчи Халқаро тиббий туризм форумида иштирок этди.
Форумда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Тожикистон, Арманистон, БАА ва бошқа давлатлардан 100 дан ортиқ тиббиёт ташкилотлари раҳбарлари, хусусий тиббиёт вакиллари, тиббий туризм операторлари, фармацевтика ва тиббий техника компаниялари, суғурта ҳамда IT соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида Агентлик директори Абдулла Азизов Ўзбекистонда тиббий хизматлар сифатини ошириш, халқаро стандартларни жорий этиш, хусусий тиббиётни ривожлантириш ва мамлакатимизни минтақавий тиббий туризм марказига айлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Тадбир доирасида тиббий туризмни ривожлантириш, JCI аккредитацияси, халқаро сифат стандартларини жорий этиш, тиббиётни рақамлаштириш, хусусий тиббиёт салоҳиятини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, халқаро экспертлар иштирокида маърузалар ва панель муҳокамалари, замонавий тиббий технологиялар тақдимотлари, B2B учрашувлар ҳамда ишбилармонлик музокаралари ўтказилди.
Тадбир давомида халқаро аккредитация стандартлари, тиббий хизматлар сифатини бошқариш, замонавий тиббий технологияларни жорий этиш ҳамда хусусий тиббиёт муассасаларининг халқаро бозорга чиқиш имкониятлари бўйича тажриба алмашилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА