Мустақиллик — миллий юксалиш ва олий таълим ислоҳотларининг бош мезони
Мамлакатимиз истиқлолга эришган тарихий сана — Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги байрами арафасида ортга назар ташлаш, босиб ўтилган шарафли йўл ва эришилган улкан ютуқларни сарҳисоб қилиш анъанага айланган. Мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги ўн йилликда янги тарихий босқичга қадам қўйган Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш, миллий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши сифатида белгиланди. Зеро, миллий мустақилликнинг энг мустаҳкам пойдевори — бу замонавий фикрлайдиган, юксак интеллектуал салоҳиятли ва рақобатбардош ёш авлод.
Мамлакатимизда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар, энг аввало, ёшларнинг сифатли билим олишига бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, олийгоҳлар нуфузини ошириш ва соҳани тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган.
Ўзбекистон олий таълим тизими нафақат қамров, балки таълим сифати борасида ҳам мисли кўрилмаган кўрсаткичларни қайд этди. Буни расмий статистик маълумотлар ҳам яққол тасдиқлайди. 2016 йилга қадар мамлакатимизда бор-йўғи 77 та олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, олиб борилган изчил сиёсат натижасида 2026/2027 ўқув йили бошига келиб уларнинг сони 215 тага етди.
Мустақиллик йилларида олий таълим соҳасида амалга оширилган энг инқилобий қадамлардан бири — тизимда давлат монополиясига чек қўйилиши ва нодавлат (хусусий) олий таълим муассасалари фаолиятига кенг йўл очиб берилгани бўлди. Бу қадам соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, таълим сифатини ошириш ва ёшларни олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичини кескин юксалтиришда бош омилга айланди. Агар таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг дастлабки йилларида юртимизда хусусий университетлар деярли мавжуд бўлмаган бўлса, бугунги кунга келиб бу манзара тубдан ўзгарди.
Олиб борилган изчил сиёсат ва тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар натижасида мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат олий таълим ташкилотлари сони 97 тага етди. Бугунги кунда республикадаги жами талабаларнинг сезиларли қисми айнан хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса давлат бюджетига тушадиган юкламани камайтириш билан бирга, инвестицияларни илм-фан соҳасига йўналтириш имконини берди.
Нодавлат олийгоҳлар меҳнат бозоридаги энг харидоргир йўналишлар — IT, рақамли иқтисодиёт, замонавий бошқарув, тиббиёт ва муҳандислик соҳалари бўйича кадрлар тайёрлашни тезкорлик билан йўлга қўймоқда. Улар хорижий етакчи университетларнинг ўқув дастурларини тўғридан-тўғри жорий этиш орқали амалиётга йўналтирилган мутахассислар етиштирмоқда.
Ислоҳотларнинг бошланғич даврида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси атиги 9 фоизни ташкил этар эди. Кўрилган тизимли чора-тадбирлар эвазига бу кўрсаткич 47 фоиздан ошди ва яқин йилларда 50 фоизлик маррани забт этиш мақсад қилинган. Республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган жами талабалар сони 1,5 миллион нафардан ошиб, мустақиллик тарихидаги рекорд кўрсаткичга етди. Бакалавриат ва магистратура босқичларига қабул квоталари йил сайин сезиларли даражада кенгаймоқда.
Хусусан, янги ўқув йилида олий таълим ташкилотларига қабул қилинган талабалар сони 409,7 минг нафарни ташкил этди. Эътиборлиси, қабул қилинганларнинг 55,4 фоизини (226,8 минг нафар) хотин-қизлар ташкил этиб, жамиятда аёлларнинг илм-фанга бўлган интилиши давлат томонидан юксак даражада қўллаб-қувватланмоқда.
Бугун мамлакатимиз олий таълими дунё илм-фани маконига дадил кириб бормоқда. Халқаро нуфузли рейтинг агентликлари (Times Higher Education, QS) ҳисоботларида юртимиз олийгоҳларининг мавқеи йил сайин мустаҳкамланмоқда. 2026 йилги халқаро рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг 24 та олий таълим ташкилоти дунёнинг топ-1000 талик рўйхатидан жой олди.
Шунингдек, юртимизда яратилган замонавий таълим муҳити хорижлик ёшларни ҳам ўзига жалб этмоқда. Олиб борилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонга билим олиш учун келган хорижлик талабалар сони 21 мингдан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 баробарга кўпайди. Бу юртимиз таълим бренди халқаро миқёсда тан олинаётганининг яққол исботи.
Олий таълим тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда таълим жараёнига илғор "HEMIS" ва кредит-модуль тизимларини жорий этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Мақсад — фақат дипломли кадр тайёрлаш эмас, балки Ватан тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига ола биладиган, мустақил фикрлайдиган юрт фарзандларини камолга етказиш.
Мустақиллик берган энг буюк неъмат — бу ўз тақдиримизни ўз қўлимиз билан белгилаш, ўз келажагимизни илм-маърифат асосида қуриш имконияти. Олий таълим тизимидаги бугунги ислоҳотлар янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги энг муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Бегзод ТИЛАВОВ,
Тошкент иқтисодиёт ва педагогика
университети доценти
ЎзА