Масъулиятсиз ота 15 суткага қамалди
Хоразм вилояти Янгиариқ туманида ўз фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келган отага нисбатан қонуний чора кўрилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюросининг Янгиариқ тумани бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида фуқаро Ж.Х. суд қарори билан белгиланган алимент тўловларини мунтазам равишда тўламай келгани аниқланди. Давлат ижрочилари томонидан бир неча бор огоҳлантириш ва тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай, қарздорликни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмаган.

Натижада, жорий йил 1 август ҳолатига қарздор Ж.Х. нинг уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алиментдан 94 миллион 100 минг сўмни ташкил қилган.
Бошқарманинг қидирув шуъбаси ходимлари томонидан олиб борилган қидирув тадбирлари давомида қарздор Ж.Х. бошқа ҳудудда ушланиб, Янгиариқ туманига олиб борилган ва бўлим давлат ижрочиси томонидан тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4 моддасига асосан Жиноят ишлари бўйича Янгиариқ тумани судига юборилди.
Суд мажлисида қарздорнинг хатти-ҳаракатлари кўриб чиқилиб, унга нисбатан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири