Мусобақа ғолиблари аниқланди
Нукусда волейбол бўйича аёл ўқитувчилар ўртасида “Вазир кубоги” мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган мусобақанинг асосий мақсади педагог ходимлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ва жамоавий муҳитни мустаҳкамлашдан иборатдир. Шунингдек, волейбол спорт турини оммалаштириш, таълим муассасалари ходимлари орасида спорт мусобақаларини ривожлантириш, қобилиятли ва фаол спортчи педагогларни аниқлаш, шаҳар, туман ва кейинги босқичлар учун кучли жамоаларни танлаш, хотин-қизлар спортини қўллаб-қувватлаш ва соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳисобланади.
[gallery-29403]
Қизғин беллашувларга бой бўлган мусобақада ғолиблар аниқланди. Унда биринчи ўринни Тахтакўпир тумани 13-умумий ўрта таълим мактаби, иккинчи ўринни Нукус шаҳридаги 32-умумий ўрта таълим мактаби, учинчи ўринни Беруний тумани 49-умумий ўрта таълим мактаби жамоалари эгаллади.
Биринчи ўринни эгаллаган Тахтакўпир тумани 13-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси финал босқичига йўлланма олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.