Иқтидор, заковат ва матонат намойиши
Андижон шаҳридаги универсал спорт мажмуасида жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи соврини учун вилоят чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақанинг очилишида вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати вилояти ҳамда спорт бошқармалари мутасаддилари, ногиронлар жамиятлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва шахмат ихлосмандлари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар ушбу чемпионат нафақат спорт мусобақаси, балки инсон қадр-қимматини улуғлаш, ногиронлиги бўлган юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга хизмат қиладиган муҳим тадбир эканлигини алоҳида таъкидлади.
Билим, иқтидор, заковат ва матонат тимсоли бўлган мазкур шахмат мусобақасида барча туман, шаҳарлар жамоалари таркибида турли ёшдаги 200 нафарга яқин жисмоний имконияти чекланган фуқаролар қатнашиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.
[gallery-29399]
Чемпионатнинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида эркаклар ўртасида Марҳамат тумани, аёллар ўртасида эса Избоскан тумани жамоалари фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирок этган бир гуруҳ шахматчилар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Мазкур мусобақа юртимизда инсон қадрини улуғлаш, ногиронлиги бўлган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқариш, жамиятда муносиб ўрин топишларига кўмаклашишга қаратилган эзгу ва хайрли ишларнинг амалий намунаси бўлди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.