Мусиқа таълими масалалари муҳокама этилди
Яхши мусиқа инсон руҳияти, саломатлиги учун фойдали экани олимлар томонидан кўп марта эътироф этилган. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ҳамкорлигида ташкил этилган “Мусиқа терапиянинг мусиқа таълими билан интеграцияси: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда шу ҳақда сўз юритилди.
Бугунги кунда жамият тараққиёти, инсон саломатлиги ва таълим тизимининг уйғун ривожи илм-фан олдига янги вазифаларни қўймоқда. Хусусан, шахснинг психологик фаровонлигини таъминлаш, унинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда инклюзив таълим муҳитини ривожлантириш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу жиҳатдан мусиқа терапияси ва мусиқа таълимининг ўзаро интеграцияси замонавий илмий тадқиқотлар йўналишида муҳим ўрин тутади. Мусиқа санъати инсон руҳиятига бевосита таъсир кўрсатувчи ноёб восита сифатида қадимдан эътироф этиб келинади.
Уни илмий асосда ўрганиш, айниқса, миллий мусиқа меросимиз негизида янги ёндашувларни ишлаб чиқиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир. Мазкур йўналишда олиб борилаётган изланишлар наинки соғлиқни сақлаш тизими, балки таълим соҳаси самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Шу муносабат билан ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуман мазкур соҳадаги илмий изланишларни янги босқичга олиб чиқиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда мутахассислар ўртасида самарали илмий мулоқотни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Конференция жараёнида мусиқа терапиясини чуқур тадқиқ этиш, мақом санъати ва миллий мусиқа меросини соғлиқни сақлаш тизими билан узвий боғлаш негизида янги илмий-амалий концепцияларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, замонавий технологиялар – мобиль иловалар, визуал-терапевтик воситалар ва иммерсив форматлар ёрдамида миллий мусиқанинг терапевтик салоҳиятини кенгайтириш бўйича илғор тажрибалар ҳамда самарали методик ёндашувлар алмашинуви ташкил этилди.
Тадбирда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий фаолият билан шуғулланувчи мутахассислари, ёш олимлар, изланувчилар, магистрлар ва иқтидорли талабалар анжуман йўналишига мос мавзулар бўйича иштирок этиб, институт раҳбарияти томонидан сертификатлар билан тақдирланди.
Мазкур илмий-амалий анжуман мусиқа терапияси ва мусиқа таълими ўртасидаги узвий боғлиқликни янада чуқурроқ англаш, миллий мусиқа меросимизнинг беқиёс имкониятларини замонавий ёндашувлар асосида очиб беришда муҳим майдон вазифасини ўтади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири