Мурожаатларда инсон тақдири мужассам
Халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш ва ҳал этиш бугунги давлат бошқарувининг энг муҳим тамойилларидан бирига айланди.
Айниқса, Президент Халқ қабулхоналари фаолияти орқали ҳар бир мурожаат ортида турган инсон тақдирига эътибор қаратилаётгани жамиятда адолат ва ишончни мустаҳкамламоқда.

Наманган шаҳрида 2026 йилнинг биринчи чораги давомида жами 2 минг 148 мурожаат келиб тушгани бу борадаги ишларнинг қанчалик тизимли йўлга қўйилганини кўрсатади. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 44 тага ёки икки фоизга камайган бўлса-да, масалаларнинг мазмун-моҳияти янада чуқурлашганини англатади. Муҳими, келиб тушган мурожаатларнинг 1 минг 920 таси кўриб чиқилиб, шундан 821 таси ёки 43 фоизи ижобий ҳал этилгани амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради.
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг умиди ва ишончи мужассам. Буни Наманган шаҳрининг Қадамжо маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Воҳид Холматовнинг мурожаати мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. У ўз аризасида ўғли ва укасининг Россия Федерациясида ишлаш мақсадида бориб, ҳужжатлари етарли бўлмагани сабабли қўлга олингани ва қамоққа олинганидан сўнг, уларнинг тақдирига доир хавотирларини билдирган.

Мазкур мурожаат дарҳол тегишли тартибда Ташқи ишлар вазирлигига йўналтирилди. Вазирликнинг консуллик-ҳуқуқий департаменти орқали бу масала Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси томонидан назоратга олинди. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида фуқаролар Дилмуруд Турсунов ва Абдулло Собиржонов Россиянинг Калуга вилоятидаги вақтинчалик сақлаш марказида эканлиги аниқланиб, уларнинг юртимизга қайтиши учун барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ниҳоят, улар белгиланган тартибда мамлакатимизга депортация қилиниши таъминланди.
Бу мисол шуни кўрсатадики, ҳар бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди. У орқали инсон тақдири ҳал этилади, оилавий муаммолар бартараф этилади, фуқароларда давлатга нисбатан ишонч мустаҳкамланади. Хулоса қилиб айтганда, Халқ қабулхоналари фаолияти нафақат мурожаатларни қабул қилиш, балки ҳар бир инсоннинг дардига малҳам бўлиш, унинг тақдирига бефарқ бўлмаслик тамойилига асосланмоқда. Зеро, мурожаатлар – бу оддий қоғоз эмас, балки инсон ҳаёти, тақдири ва келажагидир.
Ҳожи-Акбар Дадабоев,
Прездидентнинг Наманган шаҳридаги
Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси. ЎзА