Мулоқот амалий натижага йўналтирилади
Жиззах заминида Эрон Ислом Республикасининг Марказий вилояти делегацияси билан ўтказилган учрашув ва Ўзбекистон–Эрон бизнес-форуми икки ҳудуд ўртасидаги муносабатларнинг мазмун-моҳияти ўзгараётганини кўрсатди. Бу гал гап шунчаки расмий мулоқот ёки навбатдаги учрашув ҳақида эмас, балки ҳудудлар салоҳиятини тўғридан-тўғри боғлайдиган, тадбиркорни тадбиркорга, инвестицияни аниқ лойиҳага улайдиган амалий механизмлар ҳақида бормоқда.
Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев ҳамда Эрон Ислом Республикасининг Марказий вилояти ҳокими Меҳди Зандия Вакилий бошчилигидаги делегация аъзолари иштирокидаги 1+7 форматидаги мулоқотда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунида икки ҳудуд ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолангани эса мулоқотнинг амалий натижага йўналтирилганини англатади.
Айниқса, Жиззах шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон–Эрон бизнес-форумида тадбиркорлар ўртасида B2B ва G2B учрашувларининг ўтказилиши эътиборга молик. Чунки бугунги иқтисодий муносабатларда дипломатик мулоқот қанчалик муҳим бўлмасин, унинг ҳақиқий самараси корхоналар ўртасидаги шартномалар, янги ишлаб чиқариш қувватлари, экспорт географиясининг кенгайиши ва янги иш ўринлари билан ўлчанади.
Форумда Эрон ишбилармон доиралари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, нефть-газ ва нефть-кимё, металлургия ва кончилик, автомобилсозлик ҳамда эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, тўқимачилик ва бошқа саноат йўналишларида ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқди. Бу йўналишлар тасодифий танланган эмас. Улар Жиззахнинг бугунги иқтисодий қиёфаси ва келгуси ўсиш нуқталари билан бевосита уйғун.
Зеро, Жиззах сўнгги йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва экспорт салоҳиятини бир вақтнинг ўзида юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар майдонига айланмоқда. Вилоят статистика маълумотларига кўра, 2026 йил январь–март ойларида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,7 фоиз, саноат ишлаб чиқариши 7,8 фоиз, асосий капиталга киритилган инвестициялар 11,8 фоиз ўсган.
[gallery-30983]
Бу рақамлар ортида янги корхоналар, янги технологик занжирлар ва энг муҳими, меҳнат қилаётган инсонлар тақдири мужассам. Шу маънода Эроннинг Марказий вилояти билан ҳамкорлик Жиззах учун ташқи иқтисодий алоқалар географиясини кенгайтиришгина эмас, мавжуд ишлаб чиқариш имкониятларини янги бозорлар ва технологиялар билан боғлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим.
Айни пайтда Ўзбекистон–Эрон муносабатларининг умумий иқтисодий пойдевори ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён 2025 йил 5 июнь куни телефон орқали мулоқотда ўзаро савдо, юк ташиш ҳажмлари ва қўшма корхоналар сони ошиб бораётганини қайд этган. Шунингдек, 2025 йил май ойида Теҳронда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес-форум ва саноат кўргазмаси ўтказилиб, 2025–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” қабул қилинган. Унда савдо, инвестиция, транспорт-логистика, саноат ва қишлоқ хўжалигида кооперацияни чуқурлаштириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Демак, Жиззахдаги бугунги мулоқотни икки ҳудуд ўртасидаги алоҳида ташаббус сифатидагина эмас, Ўзбекистон–Эрон стратегик иқтисодий шериклигининг ҳудудий бўғинларидан бири сифатида баҳолаш ўринли. Энг муҳими, Жиззах бу жараёнга тайёр ҳолда кириб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 30-январдаги ПҚ–35-сон “2026–2027 йилларда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳудудда иқтисодий ўсишнинг аниқ мақсад ва вазифаларини белгилаб берди. Қарорда ялпи ҳудудий маҳсулотни йиллик ўртача 8,5 фоиз, саноат ишлаб чиқаришини 7,8 фоиз, бозор хизматларини 13,2 фоиз ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини 4,6 фоиз ошириш вазифаси қўйилган.
Мазкур ҳужжатнинг яна бир муҳим жиҳати — инвестицияга муносабатни рақамлардан натижага кўчираётганида. Қарорга илова қилинган рўйхатда 2026–2027 йилларда Жиззах вилоятида 99 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Уларнинг умумий қиймати 2 миллиард 558 миллион доллардан ортиқ бўлиб, шундан 2 миллиард 445 миллион доллари хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади. Лойиҳалар натижасида 25 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
Эронлик ишбилармонлар билан музокаралар айнан шу нуқтада алоҳида аҳамият касб этади. Яъни хорижий ҳамкорлик энди “инвестиция жалб қилиш керак” деган умумий чақириқ доирасида қолиб кетмаслиги, балки қайси тармоққа қанча сармоя, қайси технология, қандай маҳсулот ва қайси бозор учун ишлаб чиқариш масалалари билан уйғунлашиши зарур.
Президент қарорининг ижроси доирасида вилоятда саноат ва қишлоқ хўжалиги бошқарувини такомиллаштириш, инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жиззах вилояти ҳокимлигида инвестиция ва савдо йўналишларида янги бошқарув тизимининг жорий этилгани ҳам шу вазифаларни манзилли ва натижадор ҳал этишга қаратилган.
Бундай ёндашув Эрон билан ҳамкорлик учун кенг майдон очади. Масалан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида Жиззахнинг хомашё базаси билан Эроннинг қайта ишлаш технологиялари ва бозор тажрибасини бирлаштириш мумкин. Автомобилсозликда бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, металлургия ва кончиликда қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар тайёрлаш, тўқимачиликда эса хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали экспортбоп тайёр маҳсулот улушини ошириш имкониятлари мавжуд.
Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор: Жиззах учун инвестициянинг ўзи етарли эмас. Сармоя технология, бозор ва кадр билан бирга кириб келгандагина унинг иқтисодий таъсири сезилади. Шу боис B2B ва G2B форматларидаги тўғридан-тўғри мулоқотлар лойиҳанинг ғоядан амалий шартномагача бўлган йўлини қисқартиришга хизмат қилиши керак.
Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қабул қилинаётган қарорлар ҳам бу жараёнга ҳуқуқий ва молиявий таянч яратмоқда. Жумладан, мамлакатимиз раҳбарининг 2025 йил 20-августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида 2026–2027 йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва зарур инфратузилмани яратиш учун жами 270 триллион сўм йўналтирилиши, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳалари инфратузилмасига Давлат бюджетидан маблағ ажратилиши белгиланган.
Фармонда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлар учун қатор енгилликлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, давлат улуши бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун жарима қўллаш ва ундиришга 2027 йил 1 январга қадар мораторий жорий этилган.
Буларнинг барчаси Жиззахда ўтказилган Ўзбекистон–Эрон бизнес-форумининг мазмунига ҳамоҳанг. Чунки хорижий ҳамкорни жалб қилиш билан иш тугамайди — унинг учун рақобатбардош муҳит, тайёр инфратузилма, молиявий имконият, аниқ лойиҳа ва ишончли ҳуқуқий кафолат зарур.
Ўзбекистон–Эрон муносабатларида бундай ишонч муҳити бир неча йилдан буён изчил шаклланиб келмоқда. 2023 йил июнь ойида икки мамлакат ўртасида ҳукуматлар, идоралар ва ҳудудлар даражасида 15 та ҳужжат имзоланиб, улар орасида имтиёзли савдо, қўшма эркин иқтисодий зоналар, фармацевтика, транспорт ва транзит соҳаларидаги келишувлар ҳам бор эди. Шу маънода Жиззах ва Эроннинг Марказий вилояти ўртасидаги меморандумни ана шу катта жараённинг ҳудудий давоми, деб аташ мумкин. Энди асосий вазифа — имзоланган ҳужжатларнинг ҳар бир бандини аниқ лойиҳага айлантириш. Айниқса, ёш тадбиркорларни жараёнга кенг жалб этиш муҳим. Чунки ташқи бозорга чиқиш, янги технологияларни ўзлаштириш ва халқаро шериклик маданиятини шакллантириш бир-икки йирик корхона доираси билан чекланмаслиги керак. Бугунги B2B учрашувида қўл сиққан икки тадбиркорнинг эртанги қўшма корхонаси, янги экспорт шартномаси ёки технологик шериклиги Жиззах иқтисодиётининг кейинги ўсиш нуқтасига айланиши мумкин.
Жиззахнинг бугунги имконияти шундаки, вилоятда бир вақтнинг ўзида саноатни кенгайтириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш вазифалари қўйилган. Президент қарорида ҳам хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш ва ҳудудий экспортни юксалтириш аниқ мақсад сифатида белгилаб берилган. Шундай экан, Эроннинг Марказий вилояти билан ҳамкорликни фақат бугунги форумнинг натижаси билан эмас, эртанги маҳсулот, янги технология, экспорт шартномаси ва иш ўрни билан ўлчаш вақти келди.
Зеро, ҳудудлараро ҳамкорликнинг ҳақиқий қиймати протоколларда эмас, одамлар ҳаётида намоён бўлади. Янги корхона ишга тушса — иш ўрни яратилади. Янги маҳсулот экспорт қилинса — валюта тушуми кўпаяди. Янги технология кирса — ишлаб чиқариш сифати ошади. Тадбиркорнинг бозори кенгайса — ҳудуднинг иқтисодий таянчи мустаҳкамланади. Жиззахдаги Ўзбекистон–Эрон мулоқоти ана шу мантиққа асосланса, бугун имзоланган меморандум эртага янги корхоналар, янги маҳсулотлар ва янги бозорлар харитасига айланиши мумкин.
Энг муҳими, Жиззах бугун сармоя излаётган ҳудуд эмас, ҳамкорга аниқ имконият таклиф қила оладиган ҳудуд сифатида майдонга чиқмоқда. Бу эса ҳудудлараро муносабатларнинг янги босқичи — рақамлар эмас, натижалар даври бошланаётганидан даракдир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари