Молиявий жарималарни қўллаш тартиби янада либераллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Молиявий жарималарни қўллаш тартибини янада либераллаштириш ва суд назорати самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, қуйидагилар мазкур қарорнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
а) тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималарни қўллашга оид тартиб-таомилларни унификация қилиш орқали тартибга солиш юкини камайтириш ҳамда назорат қилувчи органлар ва судларнинг бу борадаги ваколатларини аниқлаштириш;
б) ҳуқуқбузарликлар натижасида юзага келган мажбуриятлар тадбиркорлик субъектлари томонидан ихтиёрий равишда бажарилишини рағбатлантириш орқали уларнинг харажатлар юкини 2 бараваргача қисқартириш учун шароит яратиш;
в) тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималарни қўллаш билан боғлиқ жараёнларни рақамлаштириш орқали қонунийликни таъминлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
а) ваколатли органларнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори тадбиркорлик субъектининг танловига кўра қуйидаги шакллардан бирида ихтиёрий ижро этилиши мумкин:
ваколатли органнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори топширилган кундан бошлаб бир ой муддатда жарима миқдорининг 50 фоизини ихтиёрий равишда тўлаш шарти билан жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этиш;
қўлланган молиявий жарима суммасини олти ой давомида тенг миқдорларда бўлиб-бўлиб тўлаш. Бунда тадбиркорлик субъекти молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб бир ой давомида жарима суммасининг олтидан бир қисми миқдоридаги дастлабки тўловни тўлаганда, молиявий жаримани бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби автоматик равишда амал қилади;
б) ваколатли органнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори суд томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ундирилган маблағлар, шу жумладан, молиявий жарима ҳамда пеня йўналтирилган манбалар (тегишли бюджет ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва бошқалар) ҳисобидан 15 кун муддатда мутаносиб равишда қайтарилади ва белгиланган муддатда қайтарилмаган суммага нисбатан қайтариш муддати бузилган ҳар бир календарь кун учун Марказий банкнинг асосий ставкасининг уч юздан бирига тенг миқдорида фоиз тўланади.
2027 йил 1 январдан бошлаб Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан юритиладиган "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланган молиявий жарималарнинг электрон реестри жорий этилади. Бунда:
а) ваколатли органларнинг молиявий жарималарни кқўллаш тўғрисидаги қарорлари улар қабул қилинганидан сўнг уч иш кунида мажбурий тартибда ушбу электрон реестрга электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда, мазкур жараён тўлиқ рақамлаштирилган ҳолларда эса бундай қарорлар ўзаро интеграциялашган ахборот тизимлари орқали автоматик равишда киритилади;
б) электрон реестрга киритилмаган ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланмаган қарорлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва улар асосида молиявий жарима ундирилмайди;
в) электрон реестрда тадбиркорлик субъекти томонидан содир этилган қилмишнинг такрорийлигига оид маълумотлар базаси юритилади ва хавфни бошқариш тизими ёрдамида таҳлил қилиб борилади.
2026 йил якунига қадар Солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланган молиявий жарималарнинг электрон реестри ишга туширилади.
ЎзА