Истеъмолчилар мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда: биринчи чоракда 27 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайтарилди
Жорий йилнинг январ–март ойларида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига фуқаролардан жами 4 146 та мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 3 962 таси, яъни 95,6 фоизи атрофлича ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.
Кўрилган чоралар натижасида истеъмолчилар фойдасига 27,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниб ундирилган. Бу кўрсаткич тизимда мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги изчил ошиб бораётганидан далолат беради.
Шунингдек, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 86 та мурожаат асосида суд органларига даъво аризалари киритилган. Суд қарорларига мувофиқ, истеъмолчилар фойдасига 1,4 миллиард сўм миқдорида моддий ва маънавий зарар ундирилиши таъминланди.

Мурожаатлар таҳлили уларнинг асосий қисми коммунал хизматлар ва савдо соҳаларига тўғри келаётганини кўрсатди. Жумладан, мурожаатларнинг 29,3 фоизи коммунал хизматлар, яна 29,3 фоизи савдо соҳаси билан боғлиқ.
Бундан ташқари, газ таъминоти (8,6 фоиз), электр таъминоти (5,3 фоиз), хизмат кўрсатиш (4,6 фоиз) ҳамда сув таъминоти (3,7 фоиз) соҳалари ҳам мурожаатларнинг салмоқли қисмини ташкил этади. Шунингдек, алоқа ва интернет хизматлари (1,9 фоиз), транспорт (1,9 фоиз) ҳамда соғлиқни сақлаш (1,6 фоиз) йўналишларида ҳам мурожаатлар қайд этилган. Қолган 14 фоиз мурожаатлар бошқа турли соҳаларга тегишли.
Маълумот учун, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2018-йилда халқаро Consumers International ташкилотининг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қилинган.
ЎзА