Молиявий хизматлар ҳажми уч ойда 46 триллион сўмдан ошди
Ўзбекистонда молиявий хизматлар бозори иқтисодиётнинг энг фаол ўсиб бораётган тармоқларидан бири сифатида шаклланмоқда. Сўнгги йилларда банк-молия тизимида рақамлаштириш жараёнларининг жадаллашуви, онлайн хизматлар кўламининг кенгайиши ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг ортиши соҳада юқори ўсиш суръатларини таъминламоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–март ойларида Ўзбекистонда кўрсатилган молиявий хизматлар ҳажми 46,8 триллион сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,4 фоизга ошгани билан эътиборли.
Таҳлилларга кўра, молиявий хизматлар таркибида асосий улушни бевосита молиявий хизматлар эгаллаган бўлиб, уларнинг ҳиссаси жами ҳажмнинг 88,9 фоизини ташкил этган. Ушбу хизматлар таркибига банк операциялари, кредитлаш, тўлов тизимлари, микромолия ва бошқа молиявий операциялар киради.
Шунингдек, ҳисобот даврида суғурта хизматлари улуши 6,8 фоизни ташкил қилди. Бу аҳоли ва бизнес субъектлари орасида суғурта маданиятининг аста-секин ривожланиб бораётганини кўрсатмоқда. Ёрдамчи молиявий хизматлар улуши эса 4,3 фоизга тенг бўлган.
Марказий банк ва иқтисодий таҳлилчилар фикрича, соҳадаги ўсишга рақамли банк хизматлари оммалашуви, нақд пулсиз тўловлар ҳажмининг ортиши, финтех хизматлари кенгайиши ҳамда хусусий сектор фаоллигининг кучайиши асосий омил бўлмоқда.
Хусусан, мамлакатда мобил иловалар орқали тўловларни амалга ошириш, онлайн кредит ва депозит хизматларидан фойдаланиш кўрсаткичлари кескин ошиб бормоқда. Бу эса молиявий хизматлар бозорида рақобат муҳитини кучайтириб, хизматлар сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Молиявий хизматлар соҳасидаги барқарор ўсиш мамлакат иқтисодиётининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг молиявий фаоллигини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова, ЎзА