Мобил ангиограф аҳоли хизматида
Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан эълон қилинган “Саломатлик марафони” Наманган шаҳри ва унинг таркибидаги Янги Наманган ва Давлатобод туманларида кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Марафаон доирасида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида аҳолига янада сифатли ва қулай тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида мобил ангиограф аппарати фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу замонавий тиббий мажмуа юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш, оғир асоратларнинг олдини олиш ва аҳоли ўртасида профилактик тиббий кўрикларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мобил ангиограф ёрдамида шу йилнинг май ойи якунига қадар юрак-қон томир касалликлари томир ичига кириш орқали юқори аниқликда ташхис қилинади. Зарур ҳолларда беморларга стентлаш амалиёти учун йўлланмалар берилмоқда. Бу эса, оғир юрак хасталикларини ўз вақтида аниқлаш ва бемор ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини оширади.
Қайд этиш жоизки, Республика миллий тиббиёт марказидан келган, май ойи бошидан буён Наманган вилоятида тиббий кўрик ўтказаётган етти нафар тажрибали кардиожарроҳ томонидан коронография ва ангиография текширувлари амалга оширилмоқда. Жараёндан олдин беморлар “Экг” ҳамда эхокардиография ёрдамида текшириляпти.
– Қисқа вақт ичида амалга оширилган ишлар кўлами диққатга сазовор. Икки ҳафта ичида 750 нафар фуқаро кардиожарроҳлар кўригидан ўтказилди. Шундан 350 нафардан ортиқ бемор коронография ва ангиография текширувларидан ўтди, – дейди Миллий тиббиёт маркази эндоваскуляр жарроҳи Нурбек Сапаров. – Текширувлар натижасига кўра, 72 нафар беморга стент қўйиш, 22 нафар беморга эса, кўкрак қафаси очилиб амалга ошириладиган аорта-коронар шунтлаш амалиёти учун йўлланма берилди.
Дарҳақиқат, мобил ангиография мажмуаси аҳоли учун жуда катта қулайлик яратмоқда. Бундай мобил мажмуаларнинг асосий афзаллиги шундаки, беморлар Тошкент шаҳрига бориб сарсон бўлмасдан, ўз ҳудудида юқори технологияли текширувдан ўтади. Юрак-қон томир касалликларини эрта босқичда аниқлаш орқали инфаркт ва оғир асоратларнинг олдини олиш мумкин. Айниқса, хавф гуруҳига кирувчи беморлар учун бу жуда муҳим. Бинобарин, ангиография текшируви қон томирларидаги торайиш ёки тиқилиб қолиш ҳолатларини аниқ кўрсатиб беради. Шу асосда беморга стент қўйиш ёки жарроҳлик амалиёти кераклиги белгиланади.
– Бир неча йилдан бери юрагимда оғриқ сезардим. Тошкентга боришга имкониятим бўлмаганди. Ўзимиздаги марказда шифокорлар батафсил текшириб, керакли тавсияларни беришди, – дейди Янги Наманган туманининг Фурқат маҳалласида яшовчи 63 ёшли Мастурахон Ғофурова. – Шифохонада дўхтирларнинг муомаласи ҳам, шарт-шароитлари ҳам яхши. Биз каби кексалар учун бу катта ғамхўрлик бўлди.
“Саломатлик марафони” доирасида амалга оширилаётган бу каби тадбирлар аҳолига яқинлаштирилган тиббий хизмат самарасини янада оширмоқда. Асосийси, оғир юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш орқали инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконияти кенгаймоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА