Миллий тарбия жараёнларини ташкил этишнинг институционал моделлари муҳокама қилинди
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтида "Миллий тарбия жараёнларини ташкил этишнинг институционал моделлари ва бошқарув механизмлари" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Унда 100 нафардан ортиқ олимлар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, докторантлар, педагоглар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. Тадбир давомида миллий тарбиянинг замонавий мазмуни, ёш авлодда миллий ва умуминсоний қадриятларни шакллантириш, тарбия жараёнларини бошқариш, шунингдек, таълим муассасалари, оила, маҳалла, давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Конференцияда миллий тарбияни ташкил этишнинг марказлашган, ҳамкорликка асосланган, маҳаллий-жамоавий ҳамда аралаш моделлари таҳлил қилинди. Хусусан, давлат бошқаруви, маҳалла институтининг ижтимоий-тарбиявий салоҳияти ва фуқаролик жамияти институтлари имкониятларини уйғунлаштиришга асосланган аралаш модель Ўзбекистон шароитида истиқболли ёндашув сифатида кўриб чиқилди.
[gallery-31688]
Шунингдек, миллий тарбия жараёнини бошқаришнинг ташкилий-ҳуқуқий, молиявий-иқтисодий, педагогик-методик, ижтимоий шериклик ҳамда мониторинг ва баҳолаш механизмлари юзасидан таклифлар илгари сурилди. Тадбирда Япония, Жанубий Корея, Германия ва Финляндиядаги миллий тарбия ва таълим жараёнларини ташкил этиш тажрибаси ҳам қиёсий жиҳатдан кўриб чиқилди. Хорижий тажрибани тўғридан-тўғри кўчириш эмас, балки унинг самарали жиҳатларини Ўзбекистоннинг миллий ва ижтимоий шароитларига мослаштириш зарурлиги қайд этилди.
Конференция доирасида миллий тарбия самарадорлигини баҳолаш мезонлари ҳам муҳокама қилинди. Бунда ёшларнинг миллий қадриятлар, тарих ва анъаналар бўйича билимлари, улардаги қадриятларга муносабат, ижтимоий фаоллик ҳамда оила, таълим муассасаси ва маҳалла каби институтлар ўртасидаги ҳамкорлик даражасини баҳолаш таклиф этилди.
Тадбир якунида миллий тарбия жараёнларини янада такомиллаштириш, таълим муассасалари, оила ва маҳалла ҳамкорлигини кучайтириш, педагог кадрлар малакасини ошириш, шунингдек, рақамли технологиялардан тарбиявий мақсадларда самарали фойдаланишга қаратилган илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилиши таъкидланди.
Конференция миллий тарбия соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, илғор тажрибаларни алмашиш ва соҳа ривожига оид илмий-амалий таклифларни шакллантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Ҳамроз Баёнов, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА