Миллий мода индустрияси: янги босқич ва юксак имкониятлар даври
Янги қарор
Миллий маданият ва қадриятларни намоён этишда мода соҳасининг ўрни беқиёс. У шунчаки кийим-кечак, ранглар ва дизайн уйғунлиги эмас, балки миллий меросни замонавий талқинда кўрсатиш ҳамда янги брендлар яратишда муҳим омилдир. Бу орқали мамлакатимиз номини ва ватандошларимизнинг дизайнерлик салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш имконияти туғилади.
Шу боис, юртимизда енгил саноат, дизайн, мода ва креатив иқтисодиёт соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишда миллий мода мактабини шакллантириш, уни халқаро даражага олиб чиқиш ҳамда ёшларда замонавий билим ва амалий кўникмаларни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиш ниҳоятда муҳимдир.
Дарҳақиқат, бугунги глобал рақобат даврида мода соҳасида муваффақият қозониш учун фақат иқтидорнинг ўзи кифоя қилмайди. Замон талабига мос чуқур билим, профессионал кўникмалар ва бозор конъюнктурасини тўғри англаш учун тизимли таълим тизими сув ва ҳаводек зарур.
Бу борада Президентимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 16 октябрда қабул қилинган “Тошкент халқаро мода академиясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор соҳа ривожида мутлақо янги даврни бошлаб беради.
Сир эмаски, Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва енгил саноатида шаклланган кўп йиллик тажриба, бетакрор миллий матоларимиз ва бой ҳунармандчилик анъаналари жаҳон мода индустриясида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Мазкур тарихий қарор яратган янги имкониятлардан унумли фойдаланиш эса соҳа учун халқаро мезонлар асосида фикрлайдиган, дизайн билан юқори технологияларни, ижод билан тадбиркорликни уйғунлаштира оладиган янги авлод мутахассисларини етиштиришга хизмат қилади.
Қарорга мувофиқ, Тошкент халқаро мода академияси давлат олий таълим муассасаси ҳисобланиб, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги тизимида фаолият юритади.
Янги маскан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Париж халқаро мода академиясининг амалдаги қўшма таълим дастури негизида ташкил этилмоқда. Эътиборли жиҳати, мазкур дастур асосида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини ушбу Академияда давом эттирадилар ва битирувчиларга янги ташкил этилган олийгоҳ дипломи берилади.
Шунингдек, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб тўқимачилик, тикувчилик, трикотаж ва чарм-пойабзал соҳаларидаги корхона ҳамда ташкилотлар буюртмаси асосида дуал таълим тизими жорий этилади. Бу ёндашув кадрлар тайёрлаш жараёнини бевосита реал ишлаб чиқариш эҳтиёжлари билан интеграция қилишга хизмат қилади. Натижада талабалар нафақат назарий билим, балки бевосита амалий тажрибага ҳам эга бўлади. Корхоналар эса ўзлари учун зарур бўлган малакали мутахассисларни мақсадли тарбиялаш жараёнида фаол иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.
Шу билан бирга, давлат буюртмаси асосида турли ташкилот ва вазирликлар учун махсус кийим-бош дизайнларини айнан Академия базасида ишлаб чиқиш ҳамда истиқболли миллий брендларни яратиш амалиёти йўлга қўйилади.
Яна бир қувонарли жиҳати, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб енгил саноат йўналишидаги техникумларни муваффақиятли тамомлаган, ўртача баҳо кўрсаткичи Академия томонидан белгиланган мезондан кам бўлмаган битирувчиларга бакалавриатнинг учинчи босқичидан ўқишни тўлов-контракт асосида давом эттириш имконияти берилади. Бу тизим коллеж ва техникум битирувчилари учун олий таълимга интеграциялашишнинг ноёб поғонаси бўлади.
Халқаро мақомни мустаҳкамлаш мақсадида Мода академиясига таклиф этиладиган хорижлик мутахассислар, маъмурий ходимлар, уларнинг оила аъзолари ҳамда чет эллик талабаларга кўп марталик виза расмийлаштирилиши ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш тартиби соддалаштирилиши белгиланган. Бундай имтиёзлар соҳага жаҳон даражасидаги профессор-ўқитувчилар, етакчи экспертлар ва хорижлик талабаларни кенг жалб этиш учун қулай ва жозибадор муҳит яратади.
Тошкент халқаро мода академияси соҳада янги ғояларни амалий натижага айлантириш, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг замонавий глобал талабларга мослашиши учун муҳим майдон бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу тарихий ташаббус юртимизда миллий мода индустриясининг барқарор ривожланиши, “Made in Uzbekistan” брендининг жаҳон подиумлари ва бозорларида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА