"Марҳабо, талантлар — 2026" Республика кўрик-танлови ўтказилди
"Марҳабо, талантлар — 2026" Республика танлови якунланди. Унда ёш иқтидорлар санъатнинг турли йўналишларида маҳорат намойиш этиб, юксак эътироф ва ноёб имкониятларга эга бўлди.
Бугунги кунда юртимизда истеъдодли ёшларга бўлган эътибор юксак даражада. Натижада улар эришаётган марралар ҳам қувонарли. Бунда санъат ва адабиёт ҳам муҳим ўрин тутади. Фикримизнинг исботи давлатимиз раҳбарининг кино соҳаси вакиллари билан ўтказган учрашувидаги ёшларнинг шижоатида ҳам намоён бўлди.
Ана шундай ёшларни қўллаб-қувватлаш ва миллий санъатимизни келажак авлодга муносиб тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда "Замин Проф Арт" ҳамкорлигида "Марҳабо, талантлар — 2026" Республика кўрик-танлови ташкил этилди. Танлов Р.Глиер номидаги Республика ихтисослашган мусиқа мактабида ўтказилди.

Мазкур танлов маданият ва санъат соҳасида ижод қилаётган ёш истеъдодларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, миллий санъатимизни ривожлантириш ҳамда иқтидорли ёшларни рағбатлантириш имконини берди.
Иштирокчилар танловда вокал, чолғу ижрочилиги, хореография, тeaтр актёрлиги, тасвирий ва амалий санъат йўналишлари бўйича ўз иқтидори ва маҳоратларини намойиш этди.
Танлов якунида ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Тадбирнинг эсда қоларли воқеаси эса энг юқори натижани қайд этган Гран-при соҳибларига Дубайга саёҳат йўлланмаси топширилгани бўлди.
Қайд этиш керакки, ёш истеъдодларни бирлаштирган бундай танловлар уларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш, санъатга бўлган қизиқишини ошириш ва янги ютуқлар сари рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шербек Исломов,
ЎзА