Миллий манфаатларимизни қатъият билан ҳимоя қилган журналист
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида “Аҳмаджон Мухторов замондошлар хотирасида” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон журналистлари уюшмаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирга миллий медиа соҳасининг фахрийлари, устоз журналистлар, ёш ижодкорлар таклиф этилди.
Миллий журналистикамиз устозлар яратган бетакрор ижодий мактаб, уларнинг фидокорона ва заҳматли меҳнатига таянади. Бу борада устоз журналист, таниқли жамоат арбоби, моҳир публицист ва таржимон Аҳмаджон Мухторов ўзбек матбуотида улкан мактаб яратган қаламкашлардан бири эди. У ХХ асрнинг 80-90 йилларида ўзбек миллий матбуотининг ривожланишига, айниқса, «Халқ сўзи» газетасининг ташкил этилиши ва оммалашишига улкан ҳисса қўшган раҳбарлардан биридир. Устоз журналист ҳаёт бўлганларида бу йил тўқсонинчи баҳорни қарши олган бўлар эди.
[gallery-29384]
Айтиш керакки, Аҳмаджон Мухторов матбуот соҳасида оддий ходимликдан республика даражасидаги бош муҳаррирликкача бўлган йўлни босиб ўтган. “Зарафшон” газетасида 1957 йилда меҳнат фаолиятини мусаҳҳиҳликдан (корректорликдан) бошлаган. Кейинчалик таржимон, адабий ходим, бўлим бошлиғи, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлади. 1973-1986 йилларда (13 йил давомида) ушбу газетанинг бош муҳаррири сифатида Самарқанд журналистика мактабини яратди.
Устоз журналист «Қишлоқ ҳақиқати» ва «Сельская правда» (1986-1990) газетасида меҳнат қилди. 1991 йилдан бошлаб “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида фаолият олиб борди. Устоз ижодкор Ватанимизнинг янги ташкил этилган нуфузли давлат нашрининг биринчи бош муҳаррири сифатида иш бошлади ва қисқа муддатда газетани чинакам халқ минбарига айлантирди.
Адабий анжуманда устоз журналист Аҳмаджон Мухторов ва унинг самарали меҳнат фаолияти, ижоди, ибрат ва маҳоратга йўғрилган публицистикаси, “Аҳмаджон Мухторов замондошлар хотирасида” китоби ҳақида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов(суратлар),
ЎзА мухбирлари