Битирувчиларга диплом топширилди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти академик лицейида 2025-2026-ўқув йили битирувчи ўқувчиларига диплом топширишга бағишланган “Хайр, лицей – салом, олий таълим муассасаси!” мавзусида байрам кечаси бўлиб ўтди.
Кечада академик лицей жамоаси, битирувчи ўқувчи-ёшларнинг ота-оналари иштирок этишди. Академик лицей директори Қ. Қалхоразов, фидойи устозлар ва фаол ўқувчиларнинг ота-оналари сўзга чиқишиб, битирувчиларга келгусидаги ўқишларида юқори натижаларга эришишларини тилашди.

Таъкидлаш жоиз, академик лицейни жорий ўқув йилида жами 246 нафар битирувчи тамомлаб, улар 638 та миллий ва халқаро сертификатга эга бўлишди. Ушбу ўқувчиларнинг 20 нафари имтиёзли диплом билан битирмоқда. Энг муҳими, улар орасидан 5 нафар ўқувчи хорижнинг илғор олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга қабул қилинган бўлса, 14 нафар ўқувчи муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.

Байрам кечаси санъат усталари ва академик лицейнинг иқтидорли ўқувчилари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА