Метродаги тирбандлик: йўловчилар оқимига тизим қандай мослашмоқда?
Бугун шаҳарлар кенгаймоқда, аҳоли ва меҳмонлар сони тобора ошмоқда. Ҳолатни жамоат транспортидаги тирбандликдан ҳам илғаш мумкин.
Айниқса, ҳар куни минглаб йўловчилар вақтни тежаш, шовқинли йўллардан қочиш ва манзилга тезроқ етиб олиш мақсадида жамоат транспортидан фойдаланади.
Шу мақсадда 2030 йилгача метрополитенда кунлик йўловчилар сонини 1,8 миллион нафарга етказиш, метро бекатлари сонини 79 тага, линиялар узунлигини 103 километргача ошириш мақсад қилинган. Шунингдек, поездлар ҳаракати интервалини босқичма-босқич 1,5-3 дақиқагача қисқартириш кўзда тутилган.
Ҳозирда Тошкент метрополитенида кунига 1,2 миллиондан ортиқ йўловчи ташилмоқда. Йўловчилар оқими энг юқори бўлган вақтларда бекатларда одамлар тўпланиши кузатилиши мумкин. Хусусан, ижтимоий тармоқларда “Пахтакор” бекатидаги тирбандлик акс этган хабарлар муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан “Тошкент метрополитени” акциядорлик жамияти томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, бундай ҳолатлар йўловчилар оқими юқори бўлган тиғиз вақтларда кузатилиши мумкин. Одатда, бир неча дақиқа ичида йўловчилар оқими меъёрлашади. Бироқ масала фақат битта бекатдаги тирбандлик билан чекланмайди. Кунлик йўловчилар оқими 1,2 миллион нафардан ошиб бораётган шароитда поездлар ҳаракатини самарали ташкил этиш, йўловчиларнинг бекатларда узоқ кутиб қолишининг олдини олиш ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда метрополитенда поездлар оралиғидаги вақтни қисқартириш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, ҳаракат интерваллари:
Чилонзор йўналишида — 1,5–2 дақиқагача;
Ўзбекистон йўналишида — 3 дақиқагача;
Юнусобод йўналишида — 4 дақиқагача;
Ер усти ҳалқа йўли йўналишида — 7–8 дақиқагача қисқартирилмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Президентимиз жамоат транспорти, айниқса, метрополитен йирик шаҳар ҳаётида энг муҳим инфратузилмалардан бири эканини таъкидлаб ўтган.
Шу боис, хизмат сифати, хавфсизлик, молиявий барқарорлик ва замонавий бошқарувни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда ривожлантириш зарурлиги қайд этилган. Тақдим этилган таклифлар маъқулланиб, уларни амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА