Меҳнат жамоасида ходим "сиёсий қарашлари" учун камситилмайди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.
Хусусан, депутатлар “Халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунчилик таклифини биринчи ўқишда кўриб чиқди.
Қайд этилганидек, мазкур қонунчилик таклифи халқаро меҳнат стандартларини миллий қонунчиликка жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Сенати томонидан ишлаб чиқилган.

4 та моддадан иборат қонун лойиҳаси билан Меҳнат кодексига қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш сифатида баҳоланадиган ҳолатлар доираси кенгайтирилиб, "терисининг ранги" ҳамда "сиёсий қарашлари" каби белгилар билан тўлдирилмоқда. Яъни, инсон терисининг ранги ва сиёсий қарашлари сабабли меҳнат ва машғулот соҳасида бирор-бир чеклов ва имтиёзлар берилиши камситиш, деб белгиланиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, меҳнат жамоаларида шаҳвоний шилқимликка йўл қўйилмаслиги, иш берувчининг эса бундай ҳолатлардан холи хавфсиз ва соғлом муҳитни яратиш учун барча зарур чораларни кўриш мажбурияти белгиланмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар лойиҳадаги нормалар бўйича ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.
Таъкидланганидек, мазкур қонунчилик таклифи ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш, меҳнат муносабатларида тенглик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этади. Шу билан бирга, миллий қонунчиликни халқаро меҳнат стандартларига уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА