Ер юзасининг тахминан 70 фоизини океанлар қоплайди
8 июнь — Бутунжаҳон океанлар куни. Ушбу экологик сана океанларнинг Ер ҳаётидаги беқиёс аҳамиятига эътибор қаратиш, денгиз муҳитини муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ғояларини тарғиб қилиш мақсадида жорий этилган. Ушбу ташаббус илк бор 1992 йилда United Nations Conference on Environment and Development доирасида таклиф қилинган ва 2008 йилда United Nations томонидан расман тан олинган.
Мазкур санада дунё мамлакатлари инсоният ҳаёти учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган океанлар ва денгизлар муҳофазасига эътиборни қаратади. Бу сана нафақат сув ҳавзаларини асраш, балки сайёрамизнинг экологик барқарорлигини таъминлаш йўлидаги умумий масъулият ҳамдир.
Таъкидлаш жоизки, океанлар глобал экологик тизимнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Миллионлаб ўсимлик ва ҳайвонот турларининг яшаш макони бўлган океанлар инсоният учун ҳам ҳаёт манбаи вазифасини бажаради.
Маълумотларга кўра, Ер юзасининг тахминан 70 фоиз қисмини океанлар қоплаб олган. Улар иқлимни тартибга солишда муҳим роль ўйнайди, миллиардлаб инсонларни озиқ-овқат билан таъминлайди, сайёрамиз биохилма-хиллигининг катта қисмини ўз ичига олади. Шунингдек, улар дунё бўйлаб ёғингарчилик ва сув айланиши жараёнларига бевосита таъсир кўрсатади.
Афсуски, бугунги кунда океанлар пластик чиқиндилар, ортиқча балиқ овлаш, иқлим ўзгариши ва ифлосланиш каби муаммоларга дуч келмоқда. Шу боис, Бутунжаҳон океанлар куни дунё аҳолисини табиатни асраш ва келажак авлодлар учун соғлом денгиз экотизимларини сақлаб қолишга чорловчи муҳим экологик сана ҳисобланади.
Биламизки, Ўзбекистон океанларга чиқиш имкониятига эга бўлмаган давлат саналади. Шундай бўлса-да, мамлакатимизда сув ресурсларини асраш, экологик муаммоларга масъулият билан ёндашиш ва табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш масалалари доимий эътибор марказида бўлиб келади. Зеро, экология чегара билмас глобал масаладир. “Шохига урсанг, туёғи зирқирайди” деганларидек, дунёнинг бир бурчагида юз берган экологик ўзгаришлар, албатта, яна қайсидир бир ҳудудга ёхуд бутун сайёрага ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.
Шундай экан, бугун ҳар бир инсон ён атрофидаги экологик муаммоларга бефарқ бўлмаслиги, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиши, атроф табиий муҳитни ўз ҳолича сақлаш ва ифлослантирмасликка интилиш лозим. Энг муҳими, ўсиб келаётган ёш авлод онгу шуурида табиатга нисбатан меҳр ва масъулият ҳиссини уйғотиш, экологик маданиятни юксалтириш лозим бўлади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА