Махсус педагоглар маҳорати синовдан ўтказилди
Янгийўл шаҳрида умумий ўрта таълим муассасаларининг инклюзив таълим синфларида фаолият юритаётган махсус педагоглар ўртасида “Йилнинг энг фаол махсус педагоги” танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиз миқёсида илк бора ўтказилаётган мазкур танловнинг асосий мақсади инклюзив таълим сифатини янада ошириш, махсус педагогларнинг касбий маҳорати ва салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштиришдан иборатдир.

Тошкент вилояти ҳудудларида ҳам танлов қизғин ва шаффоф муҳитда ташкил этилди. Унда махсус ва инклюзив таълим йўналишида меҳнат қилаётган фидойи педагоглар ўз билим ва тажрибаларини намоён этди.

Танлов жараёнида иштирокчилар амалий очиқ коррецион-ривожлантирувчи машғулотларни ўтди. “Менинг педагогик фаолиятим” мавзусида тақдимот қилди, касбий билим ва компетенциялар бўйича савол-жавоб шартлари орқали ўз билим ва тажрибаларини намоён этди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг касбий ёндашуви, инклюзив таълим соҳасидаги тажрибаси, болалар билан ишлаш маҳорати ҳамда инновацион ёндашувлари юқори баҳоланди. Якуний натижаларга кўра, Янгийўл туманидаги 6-сонли умумтаълим мактаби махсус педагоги Мадина Ҳожиева ғолиб деб топилди.

Танлов ғолиби ва фаол иштирокчилар вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг диплом, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Умуман олганда, бундай танловлар инклюзив таълим тизимида фаолият олиб бораётган педагогларни рағбатлантириш, уларнинг касбий ривожланишига кўмаклашиш ҳамда таълим сифати самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
А. Мусаев, ЎзА