Халқаро адабий форум ўтказилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Дўрмон баҳори” бешинчи халқаро адабий форуми ташкил этилди.
Бу йилги форум кўламини янада кенгайтириш, адабий нашрлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ўзбек ва қардош халқлар адабиётининг сара намуналаридан рус тилига қилинган таржималар алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида форумга Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда рус тилида чоп этилаётган адабий нашрлар — “Простор” ва “Памир” журналлари, “Бишкек” альманахи вакиллари таклиф этилди.

— Президентимиз бадиий таржима санъати ривожига катта эътибор қаратмоқда, — деди Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. — Ушбу йўналишда Огаҳий номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилгани бадиий таржима санъатини янги, янада юқори поғонага олиб чиқишда муҳим қадамлардан бири бўлди. Бу йилги адабий форумда қардош мамлакатлардан ҳам ижодкорлар қатнашмоқда. Таржимон ўз-ўзидан шаклланмайди. У сатрлар ичига қалби ва руҳияти билан сингиб кетиб, асарни худди ўз тилидагидек баён қилгандагина бадиий таржима мукаммаллик касб этади. Дунёда маънавий кўприклар кўп, лекин улар орасида таржимонлик халқларни ва ижодкорларни бир-бирига яқинлаштиришда алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳақиқий таржимон асарни юксакларга кўтаради. Ушбу форум таржима соҳасидаги ижодкорларнинг мулоқоти учун муҳим ижодий платформа бўлиб хизмат қилиши тайин.

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиба ва таржимон, таниқли публицист Рисолат Ҳайдарованинг фикрича, халқаро форумдан кўзланган мақсад кўп миллатли Ўзбекистоннинг замонавий адабий муҳити ва унинг ўзига хос қиёфасини асраб-авайлаш, турли миллат адиблари ўртасидаги ижодий мулоқотни ривожлантириш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, шоир ва ёзувчилар ижодини янада кенгроқ миқёсда танитиш, шунингдек, нуфузли ва ёш ёзувчилар ҳамда таржимонлар ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйишдан иборат.
— Ушбу форум таржимонларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишида муҳим аҳамият касб этади, — деди Қозоғистонда нашр этилувчи “Простор” журнали бош муҳаррири Любовь Шашкова. — Форумда иштирок этаётганимдан ғоят мамнунман. Ижодкорлар мулоқоти соҳа ривожида катта ўрин эгаллайди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида қозоқ, тожик ва рус адабиёти бўйича ижодий кенгашлар мавжуд бўлиб, улар атрофида шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунослар ва драматурглар бирлашиб, ўз она тилларида асарлар яратиб келмоқда. Улар Ўзбекистон адабий жараёнида муносиб ўрин эгаллаб, мамлакатимиз маданий-маънавий ҳаётини ўз асарлари билан бойитиб келмоқда.
Рус тилида ижод қилган шоир ва ёзувчилар — Зоя Туманова, Явдат Илёсов, Александр Файнберг, Михаил Гар, Раим Фарҳодий мероси мамлакатимиз маънавий бойлигининг ажралмас қисми.
Ўзбекистонда яшаётган шоир, ёзувчи ва таржимонлар рус тилидаги таржималари орқали ўзбек адабиётини хорижда тарғиб этишга катта ҳисса қўшди. Бугунги кунда Николай Ильин, Бах Аҳмедов, Лариса Юсупова, Рифат Гумеров каби ижодкорлар ўзбек адабиётининг фаол таржимонларидир.
Шунингдек, ўзбек таржимонларининг меҳнатлари самараси ўлароқ Наталья Белоедова, Галина Долгая, Евгений Абдуллаев асарлари ҳам китобхонларимизга яхши таниш бўлиб қолган.
Форум доирасида Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда рус тилида чоп этилувчи адабий нашрлар тақдимотлари, ўзаро ҳамкорлик борасида музокаралар, “Литэффект” адабий семинари қатнашчиларининг тақдимотлари, ўзбек шеърияти таржимаси муаммоларига бағишланган маърузалар, ёзувчи Алексей Устименко хотирасига бағишланган адабий тадбир, Умумроссия кинематография университетининг Тошкентдаги филиали талабаси Иброҳим Ҳусанбоевнинг “Илон” фильми намойиши, шеърият ва мусиқа кечаси ўтказилади.
Форумда сўзга чиққанлар замонавий кўп миллатли адабиётнинг бугунги куни, Ўзбекистон ва қардош мамлакатлар адабиётининг биргаликда ривожланиши истиқболлари, халқаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари хусусида фикр юритди.
“Дўрмон баҳори” форуми давомида қатор ижодкорларнинг китоблари тақдимотлари, ёш қаламкашлар учун маҳорат сабоқлари ҳам ўтказилади.
Назокат Усмонова, ЎзА