Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари – ёшлар нигоҳида
Самарқанд шаҳрида "Иқлим ва сув ресурсларини бошқаришда минтақа ёшларининг ўрни" мавзусида БМТ Иқлим бўйича Марказий Осиё минтақавий ёшлар конференцияси — "RCOY Central Asia 2026" ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, “Замин” халқаро жамоат фонди ҳамда ЮНИСEФ ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда Ўзбекистон, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркиядан келган 100 нафардан ортиқ ёшлар, экспертлар, халқаро ташкилотлар ва давлат идоралари вакиллари иштирок этмоқда.
Конференциянинг биринчи куни иштирокчиларнинг салоҳиятини ошириш, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги замонавий тенденциялар билан танишиш ҳамда минтақавий ёшлар баёнотини тайёрлашга бағишланди.
Тадбир доирасида Марказий Осиёдаги иқлим ўзгариши билан боғлиқ сўнгги илмий маълумотлар, глобал иқлим сиёсати, минтақавий сув бошқаруви ва сув хавфсизлиги масалалари муҳокама қилинмоқда.
– Ушбу конференция Марказий Осиёда учинчи марта ташкил этилмоқда, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги халқаро ҳамкорлик ва рейтинглар бўлими бош мутахассиси Яҳё Мустафоқулов. – Анжуман минтақа ёшларининг иқлим ўзгариши ва сув ресурслари хавфсизлиги каби умумминтақавий муаммоларни ҳал этиш борасидаги овозини бирлаштириш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини халқаро иқлим мулоқотларига олиб чиқиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар умумлаштирилиб, шу йилнинг ноябрь ойида БМТ томонидан Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги халқаро иқлим конференциясида тақдим этилади. Энг илғор ва амалий аҳамиятга эга ташаббуслар халқаро тажриба сифатида амалиётга татбиқ этилиши кўзда тутилган.
[gallery-31251]
Анжуман доирасида иштирокчилар учун сиёсий фаоллик ва тарғибот стратегиялари, лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағ жалб қилиш ҳамда манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган махсус тренинглар ҳам ташкил этилади.
Конференциянинг иккинчи кунида минтақавий ёшлар баёнотини муҳокама қилиш ва якуний шаклга келтириш режалаштирилган. Унда олтита тематик ишчи гуруҳ иқлим ўзгариши ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан ўз таклиф ва ташаббусларини ишлаб чиқади.
Тадбирнинг сўнгги кунида эса иштирокчиларнинг Зарафшон миллий табиат боғига саёҳати ташкил этилиши кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари