Янги участка иш самарадорлигини оширади
Айни кунларда Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари доирасида “Ёшлик-1” кони ҳудудида муҳим саноат инфратузилмаси объектининг қурилиши фаол давом этмоқда.
Ушбу объект коннинг тоғ-транспорт ва ёрдамчи техникаларига биринчи ва иккинчи босқич техник хизмат кўрсатиш (ТХ-1 ва ТХ-2) ишларини сифатли ташкил этишга мўлжалланган замонавий ишлаб чиқариш участкаси ҳисобланади. Участка ҳудудининг умумий майдони 4,5 гектарни ташкил этиб, унда конда фойдаланиладиган улкан техникалар ва самосвалларга юқори даражада техник хизмат кўрсатиш учун барча зарур шароитларни яратиш кўзда тутилган.
Участка тўлиқ автоном ва кўп тармоқли тизим асосида лойиҳалаштирилган бўлиб, унинг ҳудудида бир қатор муҳим инфратузилма иншоотлари ўрин олади. Жумладан, маъмурий-маиший бино, ишчи-ходимлар учун шинам ошхона, товар-моддий бойликларни сақлайдиган омборхоналар ҳамда назорат-ўтказиш пунктлари барпо этилмоқда.

Мажмуа таркибида тоғ-транспорт воситаларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш учун махсус кўрик чуқурларига эга бўлган айвон, механик таъмирлаш устахонаси, газда кесиш ва қўлда пайвандлаш устахонаси, бетон эстакада, ишлатилган мойни қуйиш эстакадаси ва уни сақлаш учун ер ости резервуари қурилмоқда.
Шунингдек, ёқилғи-мойлаш материалларини сақлаш учун контейнерли майдонча, бўш идишларни сақлаш учун айвон, йирик ҳажмли шиналар омбори, техникаларни ювиш пости, ювувчилар учун бино, тозалаш иншооти ҳамда модулли насос станцияси бунёд этилмоқда. Объект хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда қаттиқ маиший чиқиндилар майдончаси, азотли, кислородли ва пропанли баллонларни сақлаш омборлари, автотураргоҳ, трансформаторли ташқи подстанция, хўжалик-ичимлик сув таъминоти учун насос станцияси, ёнғин насос станциялари ва тўхташ павильони қурилиши кўзда тутилган.

Энергия самарадорлигини ошириш мақсадида мажмуада яшил энергия технологияларига алоҳида урғу берилиб, қуёш фотоэлектр станцияси учун махсус майдончалар ҳамда узлуксиз электр таъминоти учун дизель электр станцияси барпо этилмоқда.
Айни пайтда қурилиш майдонидаги асосий биноларда ишлар якуний босқичга етган. Хусусан, кўрик чуқурлари мавжуд бўлган айвон биносининг металл каркас қисмларини монтаж қилиш 95 фоизга бажарилиб, деворларини профнастил билан ёпиш ишлари олиб борилмоқда. Маъмурий-маиший корпусда ички хоналарни пардозлаш, сантехника, электр ва вентиляция тизимларини ўрнатиш ишлари деярли 98 фоизга етди.
Товар-моддий бойликлар омборида металл конструкцияларни тайёрлаш ва монтаж қилиш ишлари 100 фоизга бажарилиб, том ва девор қисмлари профнастил билан ёпилди. Шунингдек, ушбу бинога табиий ёруғлик тушишини таъминлаш мақсадида томига янги лойиҳа асосида нур ўтказувчи шаффоф композит профнастил монтаж қилинди ва ички қисмидаги маиший бино қурилишига тайёргарлик кўрилмоқда.

Йирик ҳажмли шиналар омборида металл устунлар 100 фоизга ўрнатилиб, боғловчи конструкциялар монтажи 98 фоизга етди, девор ва том қисмлари профнастил билан ёпилмоқда.
Пайвандлаш ва газда кесиш пости ҳамда механик таъмирлаш устахонаси биноларида металл устунлар ва боғловчи конструкцияларни тайёрлаш ҳамда монтаж қилиш ишлари 100 фоизга бажарилиб, девор ва том қисмларини профнастил ҳамда сендвич панеллар билан қоплаш ишлари тўлиқ якунланди.
Қурилиш ишлари “Олмалиқметаллургқурилиш” трести томонидан амалга оширилмоқда.
Мазкур замонавий техник хизмат кўрсатиш участкасининг ишга туширилиши “Ёшлик-1” конида ишлаётган тоғ-транспорт техникаларининг созлиги ва иш унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Бу тизим ортиқча меҳнат сарфи ва техник хизмат кўрсатиш вақтини қисқартиришга, кон-металлургия соҳасидаги ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтиришга ҳамда қўйилган тоғ-кон режаларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига мустаҳкам замин яратади.
А.Мусаев,ЎзА