Марказий банк молия ташкилотларига нисбатан жарималарни кескин оширмоқда
Ўзбекистонда банк ва микромолия ташкилотлари фаолиятида мижозлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган янги қатъий тартиблар жорий этилмоқда. Энди мижоз ҳуқуқларини бузган молиявий ташкилотларга нисбатан жарималар қўлланилиши мумкин.
Марказий банк бошқарувининг “Банклар ва нобанк кредит ташкилотларига нисбатан чоралар ва санкциялар қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори 2026 йил 2 май куни давлат рўйхатидан ўтказилди.
Янги тартибга мувофиқ, аввал фақат банклар ва айрим нобанк кредит ташкилотларига татбиқ этилган талаблар энди микромолия банклари, кафолат бериш ташкилотлари, факторинг компаниялари ҳамда кредит бюроларини ҳам қамраб олади.
Марказий банк томонидан тасдиқланган ўзгартишларга кўра, кредит ёки омонат шартлари ҳақида тўлиқ маълумот бермаслик, кредитнинг ҳақиқий қийматини яшириш, ахборот варақасини тақдим этмаслик каби ҳолатлар учун банкларга ҳар бир ҳолат бўйича 3 миллион сўмдан жарима қўлланади.
Агар қоидабузарлик оммавий тус олса, жарима миқдори банк капитали 0,01 фоизигача, бироқ камида 300 миллион сўмгача етиши мумкин. Шунингдек, микромолия ташкилотлари ва ломбардлар учун ҳам шунга яқин миқдордаги санкциялар белгиланган.
Янги низомда хизматлар ҳақидаги маълумотларни расмий веб-сайтда жойлаштирмаслик, шартномаларни давлат тилида тақдим этмаслик ёки мижозга шартнома нусхасини бермаслик каби ҳолатлар учун ҳам алоҳида жазо чоралари назарда тутилган.
Айниқса, мижоз розилигисиз унинг маблағларини бошқа ҳисобрақамга ўтказиш энг оғир ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиб, бундай ҳолатлар учун банкларга 2,5 миллиард сўмгача жарима қўллаш имконияти белгиланмоқда.
Янги тартиб кредит бюролари фаолиятини ҳам қамраб олган. Энди кредит тарихи бўйича нотўғри маълумот юбориш, ахборотларда хатоларга йўл қўйиш, мижоз мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқмаслик ёки банк сирини ошкор қилиш ҳолатлари учун ҳам қатъий санкциялар қўлланади.
Шунингдек, шартномаларга мижоз ҳуқуқларини чекловчи бандларни киритиш ҳам қонунбузарлик сифатида баҳоланади.
Янги тартиб 2026 йил 7 августдан кучга киради.
Ш.Маматуропова,
ЎзА