Ёшларнинг кўникмалари бойитилди
ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида жойларда бир қатор амалий тадбирлар ташкил этилмоқда. Ана шундай тадбирлардан навбатдагиси партия Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Сингапур менежментни ривожлантириш институти ҳамкорлигида ёшлар учун тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган маҳорат дарси бўлди.
Тадбирда иштирок этган 80 нафар ёшларга мутахассислар томонидан бизнесни бошлаш ва юритиш бўйича амалий билимлар, тавсиялар берилди, ҳаётий тажрибалар улашилди.

Тренинг давомида иштирокчилар стартап ғояларини ишлаб чиқиш, бизнес-режа тузиш, бозор таҳлили ва рақобат муҳитида ўз ўрнини топиш каби муҳим йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлди. Шунингдек, интеллектуал савол-жавоблар, карвинг ва маҳорат намойишлари орқали ёшларнинг ижодий салоҳияти ҳам намоён этилди.

Таъкидлаш лозимки, бу каби амалий лойиҳалар, жонли мулоқотлар ёшларнинг иқтисодий фаоллигини, ташаббускорлигини ошириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ҳамда кенг қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.
М.Комилова,
ЎзА