Маърифатли аёл – мустаҳкам оила таянчи
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида “15 май – Халқаро оила куни” муносабати билан “Оиламиз-келажагимиз” ойлиги доирасида “Маърифатли аёл – мустаҳкам оила таянчи” мавзусида тадбир ўтказилди.
Олийгоҳнинг “Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши” ташаббуси билан ташкил этилган мулоқотда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Нигора Кутлимуратова, университет ректори Феруза Мадраҳимова, “Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши” раиси Жамила Эрметова, вилоят “Маърифатли аёллар” кенгаши раиси Сайёра Самандарова ҳамда университетнинг олима аёллари иштирок этди.
Тадбир давомида оилавий қадриятларни асраш ва мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, ёшлар тарбиясида оиланинг ўрни, илм-фан ва инновациялар ривожида аёлларнинг иштироки ҳамда оилавий фаровонликни таъминлашда таълим ва ҳамжамият ҳамкорлигининг аҳамияти юзасидан долзарб масалалар муҳокама қилинди.
[gallery-29370]
Ректор Феруза Мадраҳимова оилавий фаровонликни таъминлашда олий таълим муассасаларининг ижтимоий масъулияти муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шунингдек, талаба-қизларнинг ҳаётига бефарқ бўлмаслик, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашида ҳамкорликдаги ташаббуслар ва маънавий қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Давра суҳбатида олима аёллар илм-фан йўлидаги ютуқлари, тажрибалари ва изланишлари ҳақида тақдимот қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида “Хотин-қизлар кенгаши” аъзолари томонидан тайёрланган университет олима аёлларининг хорижий тажриба ва таассуротлари жамланган “Мукаммаллик сари” рисоласи тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбири