Мақом театрига махсус бино қуриляпти (+видео)
Театр санъати инсон руҳиятига таъсир кўрсатиш жиҳатидан энг самарали воситалардан биридир. У овоз, оҳанг, тасвир, декорация ва актёр маҳорати орқали томошабинни воқеликнинг бевосита иштирокчисига айлантира олади.
Бироқ Мақом театри бу борада янада сеҳрли ва таъсирчан кучга эга. Бу ерда куй, қўшиқ ва соз қаҳрамоннинг қувончу изтироблари билан уйғунликда талқин этилади. Мақомнинг асрлар давомида сайқал топган нолалари, авж ва қочиримлари ҳар қандай тингловчини маҳлиё этади. Мақом театрида зал ичидаги кузатувчи шунчаки томошабин эмас, балки теран тингловчига ҳам айланади. Ана шу уйғунлик инсонни санъатнинг мутлақо янги ва юксак оламига олиб киради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Марғилон шаҳрида Мусиқали мақом театри ташкил этилган эди. Давлат раҳбарининг топшириғига асосан, айни пайтда мазкур театр учун махсус лойиҳа асосида, замонавий технологиялар билан жиҳозланган муҳташам бино қурилмоқда.
— Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда бу каби ихтисослашган театр йўқ, — дейди театр директори Фозилжон Исмоилов. — Муҳтарам Президентимизнинг ушбу бебаҳо совғасига жавобан, келажакда юксак савиядаги мақом йўналишидаги классик спектаклларни саҳналаштиришни мақсад қилганмиз.

Бугунги кунда театр биносининг асосий қурилиш ишлари якунланиб, сўнгги пардозлаш жараёнлари олиб борилмоқда. Бино лойиҳаси шундай тузилганки, унда ҳофиз ва мусиқачилар, ижрочи актёрлар томоша залининг марказида бўлади. Бу эса томошабинга воқеалар марказида тургандек ҳис беради.
— Қурувчиларимизга катта раҳмат, улар туну кун меҳнат қилмоқда, — дейди Ф. Исмоилов. — Бинонинг биринчи қавати 450 ўринли асосий залга эга. Иккинчи қаватда эса репетициялар учун мўлжалланган 200 ўринли қўшимча зал мавжуд.

2025 йил давомида Марғилон шаҳар Мусиқали мақом театрида Навоий, Бобур, Нодира ва Увайсий ғазаллари асосидаги бадиий сиймолар гавдалантирилди. Ноёб овозлар ва юксак маҳорат ила ижро этилган куйлар бу ғазалларга янги ҳаёт бағишлади. Ҳозирги кунда эса жамоа Толибжон Рўзибоевнинг “Бурҳониддин Марғиноний” ҳамда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарлари устида ижодий изланиш олиб бормоқда.
Театрнинг янги биноси айнан мана шу янги премьералар билан ўз эшикларини очади.

— Бурҳониддин Марғинонийнинг ҳаёти ва ижодий меросига бағишланган спектаклни саҳналаштиришга алоҳида масъулият билан ёндашяпмиз, — дейди театр раҳбари. — Айни пайтда тайёргарлик жараёнлари қизғин давом этмоқда. Яқин кунларда ушбу асарни халқимизга туҳфа этамиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9YL67RMV6cs" title="Maqom teatriga maxsus bino qurilyapti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов