“Қасамёд” – юртни озод кўриш истагидаги ёшлар ҳақидаги саҳна асари
Ўзбекистон давлат ёшлар театри яна бир таъсирчан асарни театр мухлислари эътиборига ҳавола этди.
Таниқли тарихчи олим ва публицист, “Дўстлик” ордени соҳиби Баҳром Ирзаевнинг “Германияда таҳсил олган Туркистон ёшлари” асари асосида саҳналаштирилган “Қасамёд” спектакли таъсирчанлиги, ҳаётнинг аччиқ ва бешафқат ҳақиқатларини ўзида акс эттиргани билан томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Баҳром Ирзаев XX аср бошларидаги Туркистон тарихи, хусусан, жадидчилик ва миллий озодлик ҳаракатлари бўйича етакчи мутахассислардан биридир. Унинг илмий изланишларида Германияга ўқишга юборилган туркистонлик талабалар ва жадидларнинг “Кўмак” ташкилоти тарихини ўрганиш, ушбу ташкилотга оид монография ва китоблар яратиш муҳим ўрин тутади.
Маълумки, ўтган аср бошларида туркистонлик ёшларни замонавий касбларга ўқитиш учун имконият яратиш мақсадида жадидчилик ҳаракати намояндалари уларни Германияга юборишга кўмаклашган.

Совет ҳукумати ажратган маблағ жуда кам бўлгани боис, Тошкентда жадидлар томонидан “Кўмак” уюшмаси тузилиб, жадидчилик ҳаракати вакиллари, маҳаллий бойлар ҳамда халқ ёрдами билан талабаларнинг харажатлари қопланган эди.
1922 йилда Туркистондан илк талабалар гуруҳи Германияга йўл олди. Қалби эзгу орзуларга тўлиб-тошган ёшлар Германиянинг Берлин, Кёслин, Дрезден ва бошқа шаҳарларидаги ўқув даргоҳларида Ватан иқтисодиёти, саноати ва қишлоқ хўжалиги каби энг зарур соҳаларда таҳсил олди. Бу йўл ортида жадидларнинг маърифат ва тараққиёт ҳақидаги буюк ғоялари турарди. Аммо ёшларни олдинда оғир синовлар, қатағон ва фожеали тақдир кутаётган эди.
Бироқ большевиклар ҳукумати бу ёшларнинг эркин фикрлаши ва Европа таълимини олишини ўз тузумига катта хавф деб билди. Натижада, 1924 йилданоқ уларни ортга қайтариш чоралари кўрилди. Германияда ўқиб қайтган деярли барча зиёли ёшлар 1930 йиллардаги “Катта террор” даврида “Германия фойдасига жосуслик қилган” ёки “аксилинқилобий ташкилот аъзоси” деган сохта айбловлар билан қатағон қилинди, отиб ташланди ёки сургун этилди.

Юракни ўртайдиган жиҳати шундаки, мутлақо айби йўқ, пок қалбли бу ёшлар суд ҳукмидан аввал қатл этилган эди. Бундай машъум воқеалар уларнинг оила аъзолари, жафокаш ота-оналари, умр йўлдошлари ва жажжи фарзандлари тақдирини ҳам чил-парчин қилди.
“Қасамёд” спектаклида бу жиҳатлар Азиз Хўжаев, Муҳаммаджон Авазжонов, Абдулла Пўлатов каби ёшлар ҳаёти мисолида жуда таъсирчан, ҳаққоний ва мазмунли тарзда очиб берилган. Эътиборга молик жиҳати, ёш актёрлар бир вақтнинг ўзида бир-бирига моҳиятан зид бўлган икки хил образларни томошабинга тақдим эта олганлар.
“Қасамёд” — Ватанга садоқат, хотира ва ўз эътиқодидан воз кечмаган авлод ҳақидаги таъсирчан саҳна асари. Спектакль ўша тарихий давр руҳи ва муҳитини, машъум қатағон йилларининг фожеавий манзарасини тўлақонли очиб бергани билан диққатга сазовор.

Саҳналаштирувчи режиссёр ва инсценировка муаллифи — Александр Гамиров. Пьеса муаллифлари — Баҳром Ирзаев ва Жавлон Жовлиев. Саҳналаштирувчи рассом ва либослар муаллифи — Покизахон Бекмуродова. Мусиқий безак — Диёрбек Ширинов. Мазкур спектаклдаги ролларни Шаҳбоз Абдиев, Отабек Неъматов, Суҳроб Неъматов ижро этган.
Янги саҳна асари тинч ва осойишта, ёруғ кунларни асраб-авайлаш, маърифатпарвар боболаримиз хотирасини мудом ёдда сақлаш, уни эъзозлаш, истиқлолнинг, ҳурриятнинг, ёшлар учун Ватанимизда яратилган кенг имкониятлар ва шароитларнинг қадрига етишга чорлаши билан томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Назокат Усмонова, ЎзА