Макрон: Қатл жазоси жамиятни ҳеч қачон хавфсиз қилмаган
Жаҳон мамлакатларида қатл жазоси сўнгги ўн йилликлардаги энг юқори даражага чиқар экан, Франция Президенти Эммануэль Макрон бу амалиётга қарши кескин баёнот билан чиқди. Парижда бўлиб ўтган Қатл жазосига қарши жаҳон конгрессида сўзлаган давлат раҳбари иштирокчилар эътиборини ўлим жазоси жиноятчиликни камайтирмаслиги, жамият хавфсизлигини таъминламаслигига қаратди.
Макрон айтишича, ўтган йил дунё бўйлаб камида 2 700 дан кўп одам қатл этилган. Бу кўрсаткич 1981 йилдан кейинги энг юқори рақам. Инсон ҳуқуқи ташкилотлари маълумотига кўра, энг кўп олий жазо Хитой, Эрон, Саудия Арабистони ва Ироқ ҳиссасига тўғри келган.
У айрим давлатларда мазкур жазо турини қайта жорий этишга уриниш кузатилаётганидан ҳам хавотир билдирди. Хусусан, Исроил ва Соҳил минтақасидаги айрим мамлакатлар ташаббус халқаро ҳамжамият диққатини тортмоқда.
Шу билан бирга, Франция раҳбари Замбия ва Зимбабведа қатл жазоси бекор қилинганини ижобий қадам сифатида эътироф этиб, мазкур қарорни инсон ҳуқуқи ҳимояси йўлидаги муҳим ютуқ эканини таъкидлади ва ҳар қандай давлат бемалол ушбу амалиётдан воз кеча олишига урғу берди.
Президент олий жазо жиноятни жиловлашга хизмат қилиши ҳақидаги қарашни инкор этди. Унинг таъкидлашича, кўп йиллик кузатув ва тадқиқот айни жазо тури билан қўрқитиш орқали жиноятчиликни камайтиришга уриниш самара бермаслигини исботлаган. Инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқи муҳофазаси бугун ҳар қачонгидан муҳимдир.
Мусулмон Зиё, ЎзА