Трампнинг янги олтин кони – крипто валюта
АҚШ Президенти Дональд Трамп ўтган йил давомида крипто валюта лойиҳаларидан 1,4 миллиард доллардан кўп даромад олган. Эълон қилинган молиявий ҳисобот кўрсатдики, давлат раҳбарининг асосий бойлик манбаи энди анъанавий бизнес эмас, балки рақамли активга айланган.
Америка раҳбари ва унинг ўғиллари асос солган “World Liberty Financial” компанияси қарийб 800 миллион доллар фойда кўрган. Бу пулнинг салмоқли қисми крипто токен савдоси ва корхона улушини сотиш орқали тўпланган. Шунингдек, Трамп номи билан чиқарилган мем-крипто валюта сотувидан ҳам 635 миллион доллар ишланган.
Бу муваффақият тасодиф эмас. Трамп Оқ уйга қайтгач, соҳани қўллаб-қувватловчи қатор қарорлар қабул қилди. Жумладан, рақамли актив бозори учун янги қоида жорий этилди, назорат сиёсати юмшатилди. Бу қадам крипто саноат вакиллари томонидан ижобий баҳоланди.
Тўғри, Президентнинг анъанавий бизнеси ҳам даромад келтиришда давом этяпти. Гольф клублари ва курортлардан тушган пул 500 миллион доллар. Айниқса, Флоридадаги машҳур Мар-а-Лаго мажмуаси фойдаси кескин ўсган.
Танқидчилар айни ҳолат манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги баҳсни яна авж олдириши мумкинлигига эътибор қаратган. Амалдаги қонунчилик етакчи бундай активга эгалик қилишини тақиқламаса-да, айрим экспертлар давлат раҳбари учун молиявий чекловни кучайтириш вақти келганини таъкидламоқда. Трамп эса доим фаолияти тўлиқ қонуний ва шаффофлигини такрорлаб келади.
Мусулмон Зиё, ЎзА