Маҳаллий электротехника корхоналари халқаро молия институтлари билан тўғридан-тўғри ишлашни бошлади
Тошкент шаҳридаги “Artikul Aziya” ва “Maxcopper”, Тошкент вилоятидаги “Techno Cable Group” ва “Vades Group”, Андижондаги “Андижон кабель” корхоналари ўз лойиҳаларига Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 80 миллион доллар жалб қилди.
Мазкур тажрибани оммалаштириш, бошқа ишлаб чиқарувчиларни ҳам халқаро молия бозори билан ишлашга тайёрлаш зарурлиги қайд этилди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки саноат корхоналари учун 2-3 миллиард доллар ресурс ажратишга, уларнинг фаолиятини баҳолаш харажатларининг бир қисмини қоплашга тайёр.
Қолган харажатлар ва халқаро консультантларни жалб этиш билан боғлиқ сарфлар давлат томонидан қопланади. Бу мақсадда Савдони ривожлантириш компанияси ҳисобидан ҳар бир корхонага 50 минг долларгача компенсация ажратилиши белгиланди.
ЎзА